Хитойнинг Гуанжоу консули ва Гуадон провинцияси мутасаддилари билан онлайн мулоқот қилинди
2024-11-08 09:45:00 / Янгиликлар

Видеомулоқот тарзидаги музокарада Бухоро вилояти ҳамда Пешкў туманининг иқтисодий имкониятлари, саноат ва туризм соҳаларидаги салоҳияти, амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар, хорижий инвесторларга берилаётган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилиб, бу борада тақдимотлар қилинди.
Самимий кечган мулоқотда хитойлик ҳамкорлар томонидан бухоролик инвесторлар учун Гуандон провинциясида ваколатхона ва шоурум очиш таклифи берилгани ҳолда яқин келажакда ўзаро тенг манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, инвестициявий лойиҳалар рўёби учун катта хайрихоҳлик билдирилди.
Музокарада хитойлик ишбилармон доира вакилларининг вилоятимизда пахта йигирув ва тўқимачилик саноати, синтетик тола ишлаб чиқариш, қурилиш тармоғи учун талаб юқори бўлган материаллар, пардозбоп тошлар тайёрлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида мевани қайта ишлаш ва қадоқлаш, фармацевтика тармоғига бўлган қизиқиши аён бўлди. Худди шундай, айни пайтда Пешкў тумани чўл массивида ерости ресурсларидан гранит ва бошқа тош қазилма бойликларини янги технологиялар орқали ўзлаштириш тармоғини ривожлантириш хусусида гап борди.
Умуман, музокарада маъқулланганидек, Хитойнинг Гуанжоу консули ва Гуадон провинцияси мутасаддиси бошчилигидаги делегациянинг яқин кунларда Бухоро вилоятига кутилаётган хизмат сафари юқоридаги каби тармоқларда ўзаро шерикликдаги амалий саъй-ҳаракатни бошлаш учун замин яратади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






