Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Ромитанда сайёр қабул ўтказди
2024-10-31 22:05:00 / Янгиликлар

Қабулда вилоят ҳокимининг ўринбосари Фируза Ибрагимова, туман маъмурий секторлари раҳбарлари, туман Халқ қабулхонаси, вилоят ҳамда тумандаги масъул корхона, ташкилотлар мутасаддилари иштирок этишди.
Сайёр қабулга келган 70 нафар хотин-қизнинг мурожаатларини шахсан қўмита раиси ўринбосари тинглаб, тегишли ташкилот ва идораларга мурожаатларни ҳал этиш юзасидан топшириқ ва тавсияларини берди. Қабулда хотин-қизларнинг уй-жой таъмири, бандлигини таъминлаш, олий таълим контракти, тиббий ёрдам, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, субсидия ажратиш ва оила-турмуш масаласидаги низолари юзасидан мурожаатлари эшитилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Сайёр қабулда ўз муаммолари билан мурожаат қилган фуқаролардан 13 нафари Бухоро шахридаги “Artel” компанияси корхонасига ишга жойлаштирилди, 2 нафар эҳтиёжманд аёлнинг уй-жойи “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан таъмирлаб бериладиган бўлди. Шунингдек, бир нафар фуқарога ногиронлик нафақаси тайинланди. Қолаверса, 3 нафар фуқаронинг даволаниши учун ордер берилган бўлса, яна 7 нафар фуқарога имтиёзли кредит маблағи ажратиш учун ҳоким ёрдамчилари томонидан тавсияномалар тайёрлаб берилди.
Сайёр қабул туфайли ногиронлиги мавжуд бўлган 6 нафар фуқарога реаблитация воситалари берилди. Шунингдек, 4 нафар "Аёллар дафтари"га киритилган хотин қизга Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш маркази томонидан субсидия асосида тикув машинкалари етказиб берилгани қулай имконият бўлди. Имтиёзли кредит асосида 2 нафар фуқарога мотокультиватор ускунаси берилгани, 3 нафар олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёш қизларимизнинг тўлов шартномалари "Ёшлар дафтари" орқали тўлаб берилаётгани улар учун яна бир имконият.
Бундан ташқари, 4 нафар боқувчисини йўқотган, ота-онаси вафот этган хотин-қизга белгиланган тартиб асосида шартнома тўловларини тўлаб бериш учун сертификатлар берилган бўлса, 2 нафар фуқаронинг алимент масаласи, газ, электр таъминоти, кадастр бўйича қилинган мурожаатлари ҳам тегишли ташкилотлар томонидан жойида бартараф этилгани мақсадга мувофиқдир.
Яна бир жиҳати, сайёр қабулда Ёш келин-куёвларни ўқитиш марказида таҳсил олаётган 13 нафар жуфтлик билан "Муқаддас оила" мавзусида семинар-тренинглар ўтказилиб, ўқувни тугатган бўлғуси оила вакилларига сертификатлар берилди. Шу куни судда ажрим масаласида ариза берган 5 та оила билан яраштириш ишлари олиб борилгани натижасида 3 та оила яраштиришга эришилди.
***
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Мукаррам Нурматова вилоятга хизмат сафари доирасида Ромитан тумани "BCT" кластерининг "Ўба" маҳалласидаги фермер хўжаликлари пахта далаларида бўлиб, теримда катта хирмонга муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизлар ҳузурида ҳам бўлди. “Оқ олтин”ни нест-нобуд қилмасдан саранжомлаб, йиғиштириб олишда жонбозлик кўрсатаётган чевар хотин-қизлардан бир гуруҳига эсдалик совғалари улашилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









