Ботир Зарипов Малайзия Парламенти Сенати раиси ўринбосари билан учрашди
2024-10-27 12:20:00 / Янгиликлар

Вилоят раҳбари дастлаб Бухорода ҳар жиҳатдан пухта ва юқори савияда ташкил этилган сайлов жараёнлари ҳақида тўхталди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиққани, парламентлараро, ҳукуматлараро, ишбилармонлик алоқалари сезиларли фаоллашганини мамнуният билан қайд этди. Шунингдек, юқори мартабали меҳмонга мамлакатимизда, хусусан, Бухоро вилоятида барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, туризм йўналишида амалга оширилаётган ишлар, янги туризм объектлари, зиёрат туризми учун яратилган қулай имкониятларга алоҳида тўхталди.
Ўз навбатида Нур Жазлан Моҳаммад кўҳна кентда кечаётган ўзгариш ва янгиланишларга бевосита гувоҳ бўлганини таъкидлаб, бунёдкорликлар шиддатига юқори баҳо берди.
— Бундан аввал Бухорога 2009-йилда келган эдим, – дейди Малайзия парламенти Сенати раиси ўринбосари Нур Жазлан Моҳаммад. – Ўтган давр мобайнида жуда катта ўзгаришлар амалга оширилибди. Бухоро ҳақиқатан ҳам туризм пойтахтига айланиб боряпти. Ташрифимиз давомида парламентлар ўртасида ҳамкорликни амалга ошириш бўйича келишувларимиз ўз натижасини бераётганига гувоҳ бўлдим. Келгусида ўзаро ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланади, деб ўйлайман.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда келгусида ҳудудлараро савдо-иқтисодий, инвестисиявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









