Ботир Зарипов Бухоро муҳандислик-технология институти профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар билан учрашди
2024-10-26 20:15:00 / Янгиликлар

Шунга кўра, бугун, 26 октябрь куни вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро муҳандислик-технология институтида бўлди.
Дастлаб вилоят раҳбарига олий таълим муассасасидадаги истиқболли илмий-инновасион ишланмалар, тижоратлаштириш лойиҳалари тақдимот қилинди. Жумладан, энергия истеъмоли объектларини “яшил энергетика”га ўтказиш учун самарадор рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, саноат корхоналари тутун газларини тозалаш технологиясини яратиш, биноларни иссиқлик сарфи истеъмоли ва самарадорлик синфини автоматик аниқлаш каби бугунги кун учун долзарб саналган лойиҳалар вилоят ҳокимида ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Шу ерда xonadon.bmti.uz платформаси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Маълумот берилишича, ушбу онлайн платформа фуқаролар, қурилиш компаниялари ва ҳокимият ўртасидаги муносабатларни тартибга солади. Фуқаролар тендерларни кўриш, хонадонлар ҳақида маълумот олиш ва қурилиш жараёнини кузатиш имкониятига эга бўлишади.
Ботир Зарипов муҳандислик йўналишидаги бундай илғор стартап ва инновацион лойиҳалар “қоғоз”да қолиб кетмаслиги кераклигини, уларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш зарурлиги та'kidladi.Bu борада мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Президентимизнинг топшириғига кўра, Бухоро муҳандислик-технология институтида “Ўзбекнефтегаз” АЖ ҳамкорлигида “КИБEРНEФТГАЗ” илғор муҳандислик мактаби ташкил этилган.
Бунда ўқув хоналарда машғулот қурилмалари, симуляторлар, замонавий дастурлар, ВР зоналар мавжуд. Мазкур мактабда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, юртимизда мавжуд бўлмаган муҳандислик йўналишлари – таннарх муҳандислиги, қиёслаш муҳандислиги, қайта муҳандислик йўналишлари ўқитилиб, ишлаб чиқаришда муаммоли вазиятни ҳал этишга қодир кадрларни тайёрлаш мақсад қилинган.
Ботир Зарипов мазкур мактаб фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Шундан сўнг вилоят раҳбари институт талабалари билан мулоқот қилди. Очиқ, самимий тарзда ўтган мулоқот давомида ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди. Талабалар ўзларининг ўқиш шароити, келгуси режалари ҳақида гапирди, уларни ҳаётга татбиқ этишда маслаҳат ва кўмак сўрадилар. Ҳар бир таклиф ва ташаббусни ўрганиб чиқиш ҳамда қўллаб-қувватлаш бўйича масъулларга вазифалар юклатилди.
Вилоят раҳбари талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида институтнинг талабалар турар жойини бориб кўрди. Ботир Зарипов ётоқхона талабалари билан самимий суҳбатда бўлди. Суҳбат давомида вилоят раҳбари бугун улардан кутилаётган нарса, аввало, ўзлари яшаётган ҳамда таълим-тарбия олаётган масканларини ҳурмат қилишлари ва ўз уйларидек тутишлари, ундан кейин олдиларига қўйган мақсад сари фақат ва фақат олдинга ҳаракатда бўлишлари зарурлигини уқтирди.
Талабаларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамоат тартибини сақлашга кўмаклашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, олий таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришга кўмаклашиш мақсадида мазкур олий таълим муассасасида “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи ташкил этилган.
Ботир Зарипов мазкур гуруҳ аъзолари билан ҳам мулоқот қилиб, жамоатчилик гуруҳининг талабалар хавфсизлигини таъминлаш, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда таълим муассасасини хавфсиз ҳудудга айлантириш борасидаги ишларига муваффақият тилади. Институт раҳбариятига бундай кўнггилли, ватанпарвар ёшларни доимий рағбатлан тириб бориш бўйича кўрсатмалар берди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









