Ғиждувон: “Соктари”да 24-сонли ДМТТ ишга туширилди
2024-10-25 19:45:00 / Янгиликлар

Буни баъзи рақамлар мисолида кўрсак, жумладан, 2021 йил август ҳолатига биноан, туманда мактабгача таълим ташкилоти 226 тани ташкил этган бўлиб, шундан 67 таси давлат, 157 таси нодавлат ва 2 таси давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим маскани ҳисобланарди.
Бугунга келиб эса туманда мактабгача таълим ташкилотлари жами сони 391 тага етказилгани қувонарли, албатта. Жорий йил сентябрь ойи ҳолатида бу муассасаларнинг 75 таси давлат, 310 таси оилавий нодавлат, 6 таси эса давлат хусусий шерикчилиги асосидаги мактабгача таълим ташкилотларидир. Болажонлар қамровига тўхталсак, ҳудудда давлат мактабгача таълим ташкилотларига 12 минг 187 нафар, нодавлат МТТ ларига 9 минг 311 нафар тарбияланувчи қатнови таъминланмоқда. Ғиждувонликларнинг жажжи фарзандларини боғчага жалб қилишга доир кўрсаткич ҳозирда 83 фоизга етказилган бўлиб, жорий йил якунига қадар бу миқдорни янада ошириш чоралари кўрилмоқда.
Бу борада яна бир лойиҳа "Соктари" МФЙ да амалга оширилди. Аҳоли талаб ва мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда ўтган ойларда Соктари аҳоли пунктида 24-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси қуриб битказилгани кўпларни хурсанд қилди.
Туман ҳокимлиги, маъмурий сектор штаби, қурувчилар жонбозлиги туфайли икки қаватли иншоот ўз вақтида ва сифатли қуриб битказилди. Ушбу 24-сонли мактабгача таълим ташкилоти эндиликда соктариликларнинг 120 нафар жажжи ўғил-қизини ўз бағрига олмоқда. Муассасада болажонлар учун шинам машғулот ва дарс хоналари, ошхона ва ётоқхона, спорт майдончаси талаб даражасида шай қилинган.
Соктаридаги давлат мактабгача таълим ташкилотини фойдаланишга топшириш тадбирида туман мутасаддилари, мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари, маҳалла фаоллари ҳозир бўлдилар. Алвон лента қирқилгач, йиғилганлар болалар боғчасида эртамиз эгалари учун яратилган қулайликлар билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




