Вобкент: маҳалла биноси ва 40-сонли мактаб томига қуёш панеллари ўрнатилди
2024-10-23 15:25:00 / Янгиликлар
Туманда манзилли чора-тадбирларга биноан биргина ўтган йил давомида тумандаги ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида қуввати 0,8 МВт қувватга тенг бўлган юздан ошиқ объектга кичик қувватли қуёш панеллари ҳамда 3,8 минг литр ҳажмли гелиоколлектор ўрнатилгани ўнлаб меҳнат жамоаларига катта қулайлик бўлди.
Жорий йилда ҳам ҳудудда ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш режасига мувофиқ амалда, шу йил якунига қадар яна юздан ортиқ ижтимоий соҳа иншооти ва давлат идорасида 0,401 МВт кичик қувватли қуёш панели ҳамда 6,40 минг литр ҳажмдаги гелиоколлекторлар ўрнатиш ишлари давом эттирилаётгани кўпларни мамнун қилмоқда.
Шунингдек, юқоридаги қарорга асосан маҳаллий тадбиркорлар ҳисобидан 1 та 4 МВт қувватли кичик ФЭС, яъни фотоэлектр станциясини қуриш мақсад қилинган. Бу борадаги ишлар давом эттирилиб, тадбиркорлик субъектларига 0,079 МВт кичик қувватли қуёш панели ўрнатилмоқда.
Яқинда корхона ва ташкилотлар бино-иншоотлари қаторида "Кумушкент" МФЙ биносига ҳам умумий қуввати 4 кВт соатга тенг 4 та қуёш панели ўрнатилгани қиш мавсумида ҳам муқобил энергиядан бемалол фойдаланиш имконини бермоқда. Бу қуёш панелларининг ўзига хос хусусияти шундаки, икки томонлама қувватланувчи монокристал панелга эга бўлиб, тўғридан-тўғри қуёш нури тушмаган ҳолатда ва булутли кунда ҳам ёруғликни ўзида қабул қилиб, қайта ишлаш имконига эга.
Худди шундай, электр энергиясини тежаш, таълим даргоҳида дарс ўқитиш ишларида муқобил энергиядан самарали фойдаланиш мақсадида 40-сонли умумтаълим мактабида ҳам қуёш панелларидан фойдаланишга қарор қилинди. Шу мақсадда маскан биноси томига 10 kвт соатга тенг қуёш панеллари ўрнатилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати