Кураш: Бош прокурор кубоги мусобақасининг вилоят босқичи финал баҳслари ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтди
2024-10-22 17:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, аҳоли, айниқса, маҳаллалардаги ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, қизиққан спорт йўналишларида шуғулланишлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлигини таъкидлади. Бу борада “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларининг ташкил қилинаётганини эътироф этди ва иштирокчиларга омад тилади.
Эътироф этиш керакки, сўнгги йилларда спорт соҳасида амалга оширилган ижобий ишлар натижасида вилоятда ёшларни оммавий спорт билан қамраб олиш даражаси 40 фоизга етказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 4-ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2022-йил 19-январдаги“Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2022-йил 11-апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган бош прокурор кубоги мусобақасининг вилоят босқичида маҳалла, сектор, шаҳар-туманлар босқичидан муваффақиятли ўтган 200 нафарга яқин ўғил-қизлар ғолиблик учун беллашди. Хусусан, ўғил болалар 5 та вазнда, қизлар эса 4 та вазн тоифасида мусобақада иштирок этди.
Қизиқарли ва тенг курашларга бой тарзда ўтган финал баҳсларидан сўнг тақдирлаш маросими ташкил этилди. Унда ўз вазнида тенгсиз деб топилган ёшлар медал, диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Бундан ташқари, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида кураш спорт тури бўйича Бош прокурор кубоги мусобақасини ташкил этишда жонбозлик кўрсатган туман-шаҳар секторлари раҳбарлари ва масъулларга вилоят ҳокимининг ташаккурномалари топширилди.
Маълумот ўрнида: Ушбу спорт тадбирида ғолибликка эришган ўғил-қизлар ноябрь ойида бўлиб ўтадиган республика босқичида Бухоро вилояти шарафини ҳимоя қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







