Жондор: “Ушот” — тандирсозлар қишлоғи хорижий сайёҳлар билан гавжум
2024-10-21 11:05:00 / Янгиликлар

Бунда тандир ясашда оилавий анъаналарини давом эттириб келаётган шажара ва сулолалар борлиги ҳам ана шу ҳунарга бўлган меҳр ва эъзоздан дарак. Қишлоқда тандирсозлик анъаналарини давом эттириб келаётган оилалар қаторида жумладан, Ғайбулло Мўминов, Ўлмас Мусаев, ака-ука Жамшид ва Жамил Жабборовлар, Ориф Болтаев сингари оилавий сулолалар вакилларини санаб ўтиш мумкин.
Муҳими, бугунга келиб тандирсозлик ҳунари эскирмаган, аксинча, “устоз-шогирд” анъанаси асосида навқирон авлод қўлида сайқал топиб, ота-боболардан қолган ҳунар ривожлантирилмоқда. Биргина Ушот қишлоғида ҳозирда 150 дан ортиқ оила ушбу қадим касб-кор билан шуғулланиб, шу ҳалол меҳнат орқасидан даромад топиб, орзу-ҳавасларини кўриб келмоқда. Улар томонидан ҳар йили 20 мингдан ортиқ тандир тайёрланиб, нафақат вилоят туманлари, маҳалла ва қишлоқларига, бошқа вилоятларга ҳам буюртма асосида тайёрлаб, етказиб берилмоқда.
Ушотда нафақат тандирсозлик, нафис каштачилик, сўзаначилик, зардўзлик санъати ҳам давом эттириб келинмоқда. Шунингдек, ушотлик қандолатпазлар томонидан тайёрланаётган қандолат маҳсулотлари, миллий ширинлик ва ҳолваларнинг ҳам харидоргирлиги ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, айни кунда 4 мингга яқин аҳолисига эга қишлоқнинг “драйвери”дан келиб чиқиб, бунда “Ушот— ҳунармандлар маҳалласи” ташкил этилгани айни муддао.
Кўҳна ва боқий Бухоронинг бой маданий, тарихий мероси, ўз бағрида бир неча асрлик тарих сир-синоатини сақлаб келаётган маҳобатли ёдгорликлари, зиёратгоҳлари бугун ҳар галгидан гавжум. Айнан Ушот қишлоғида бугун хорижий сайёҳлар оқими кўпаймоқда. Яқинда франциялик сайёҳлар туманда диққатга сазовор манзилларни кўздан кечириб, Ушотда—уста ҳунармандлар қишлоғида бўлдилар. Бу манзилда нафақат тандирсозлик, балки, пахта ва ипак матоларидан яратилаётган нодир қўл меҳнати намуналари, тикувчилик ва тўқувчилик маҳсулотларидан баҳраманд бўлдилар.
Азалдан халқимиз дастурхонининг азиз неъмати – нон ёпиладиган тандирлар чет элликлар эътибори ва қизиқишини оширганди. Улар тандир ясаш жараёнини бевосита кузатдилар.
Бугунга келиб Ушот маҳалласида 4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, бунда ҳунармандчилик, деҳқончилик, иссиқхона, чорвачилик хўжаликлари, тадбиркорлик ривожланмоқда. Жорий йил ўтган ойларида ушотликлар учун маҳалла гузари, оилавий поликлиника, ҳунармандчилик маркази, гўзаллик салони, маиший хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик иншоотлари қуриб фойдаланишга топширилгани барчани хурсанд қилмоқда. Кўчалар тартибга келтирилиб, юздан зиёд тунги ёриткич ўрнатилгани, болалар ўйингоҳлари барпо қилингани, болалар боғчаси қурилгани, қолаверса, умумтаълим мактаби, тўртта болалар боғчаси, ўнлаб тадбиркор ҳамда фермер хўжалиги фаолият юритаётгани юқоридаги фикримиз далили.
Дарвоқе, маҳалладаги ҳунармандчилик марказида 150 дан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланган. Улар каштачилик, зардўзлик, тикувчилик ва қандолатчилик билан шуғулланади. Айниқса, бу ерда ҳунармандчиликнинг тандирчилик йўналиши ривожланаётгани нафақат маҳаллий, балки хорижий меҳмонлар қизиқишини оширмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








