Чуқурлаштирилган тиббий кўрик ва даволаш ишлари — Пешкў туманида
2024-10-16 19:50:00 / Янгиликлар
Мазкур чуқурлаштирилган тиббий кўрик туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида ташкил қилинди. Бунинг учун филиалдан эндохирург, қон-томир хирурги, гинеколог, травматолог, нейрохирург, болалар хирурги, болалар реаниматологи, ультратовуш томографияси врачи, эндоскопист, кардиореаниматолог, анестезиолог-реаниматолог, невролог, кардиолог, терапевт, педиатр, токсиколог ва операцион бригада тўлиқ стерил тиббий асбоб-анжомлар тўплами ҳамда мутахассислар жалб қилинди.
Айни пайтда республика Шошилинч тиббий ёрдам маркази Бухоро филиали билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориш, туман мутахассисларини тажриба орттиришига кўмаклашиш, беморларга тиббий ёрдам стандартларига мувофиқ маслаҳат ва диагностика, даволашни амалга ошириш борасидаги чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шунингдек, тиббий кўрик жараёнида марказ тўғрисида тушунтиришлар берилиб, маҳаллий мутахассисларнинг тажриба орттиришига кўмаклашиш орқали амалий-услубий ёрдам кўрсатилмоқда.
Тиббий кўрикнинг туман марказида ташкиллаштирилган биринчи кунида 261 нафар фуқаро шифокорлар текширувидан ўтказилдилар. Шулардан 78 нафарида турли йўналишдаги касалликлар аломати намоён бўлди. Жумладан, 70 фоизидан ортиғида терапевтик, 20 фоизида хирургик соҳадаги ва 7 фоизида гинекологик ҳамда 3 фоизига яқин болаларда педиатрик касалликлар мавжудлиги аниқланди.
Туман тиббиёт бирлашмаси ва кўп тармоқли поликлиникада аниқланган беморларни маҳаллий ва вилоят миқёсидаги даволаш муассасаларида соғломлаштириш режалари тузилди. Бу орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, аҳолини тиббий хизмат билан қамраб олиш, турли юқумли касалликлар хавф омилларини вақтли аниқлаш, аҳолининг тор мутахассислар ва бирламчи бўғини орасида самарали интеграция механизмларини жорий қилиш, аҳолининг тиббиёт муассасаларига бўлган ишончининг ортишига эришиш мақсад қилинган.
Шу куни чуқурлаштирилган тиббий кўрикда аниқланган касалликларга биноан 4 нафар беморда юқори технологик кам инвазив жарроҳлик амалиёти ҳам бажарилди. Бу операциялар касбдошлар орасида “маҳорат дарслари” доирасида амалга оширилди. Чуқурлаштирилган тиббий кўриклар туманда давом эттирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати