Бухорода кўп қаватли турар жойларда 2024-2025 йилги мавсумга тайёргарлик кўрилмоқда
2024-10-16 18:05:00 / Янгиликлар
Статистик маълумотларга назар солсак, айни кунда Бухоро вилояти маркази, Когон шаҳри, қолаверса, 11 та туман марказида жами 65,1 мингдан зиёд аҳоли хонадонидан иборат бўлган 2166 та кўп квартирали уй-жой мавжуд бўлиб, уларда яшовчи аҳолига 28 та бошқарувчи ташкилот ҳамда 2 та уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан техник хизмат кўрсатишни ўз зиммасига олган. Шу боисдан, жорий йилда мавсум олдидан вилоят миқёсида жами 165 та кўп квартирали уй-жойда аҳоли талаб ва мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда қурилиш-таъмирлаш ишлари ёз ойларидан бошланган.
Жумладан, 62 та кўп қаватли турар жой иншоотининг 8,9 минг метр квадрат том қисмини мукаммал ва жорий таъмирлаш, 248 та кириш йўлаги, 50 та темир эшик ва кодли қулфлар ўрнатиш, 163 та кириш йўлакларидаги электрошитлар, 21 та уйнинг фасад қисмини таъмирлаш ҳамда 86 та уйнинг ертўла қисмини тартибга келтириш, 15 та уйнинг ички муҳандислик тармоқларини таъмирлаш ишлари давом эттирилаётган бўлиб, мазкур ишларга 3 миллиард 600 миллион сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилган.
— Бугунга келиб юқоридаги сармоя ҳисобидан жами 165 та, яъни белгиланган кўп хонадонли турар жойларнинг барчасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди, — дейди вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Соҳиб Жумаев. — Жумладан, 64 та уйнинг 9,1 минг квадрат метр том қисми, 248 та кириш йўлаги, шунингдек, 280 та электр тақсимловчи шит, 86 та уйнинг ертўла қисмидаги муҳандислик коммуникациялари, 15 та уйнинг ички муҳандислик тармоғи ва 21 та уйнинг фасад қисми таъмирланиб, 50 та кодли қулфли темир эшик ўрнатилди. Шу билан бирга, замонавий андозада таъмирланаётган бино-иншоотларга 312 квадрат метр фрамуга ойналари ўрнатилгани ҳолда 177 та кириш йўлагидаги чироқлар алмаштирилиб, 66 та ўриндиқ ўрнатилгани бунда яшовчи аҳолига қулайлик бўлди.
Вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши асосида маҳаллий бюджетдан молиялаштирилган 740 миллион сўм маблағ ва бошқарув сервис компаниялари сармояси ҳисобидан “Бухоро электр тармоқлари” ҳудудий корхонаси билан ҳамкорликда, кўп хонадонли уйлардаги жами 5 минг 442 та электр тақсимловчи шитларида таъмирлаш ишлари бажарилган. Қолаверса, жорий йилда
600 миллион сўм маблағ эвазига Бухоро шаҳридаги 2 та кўп хонадонли уйнинг лифт ускуналари янгисига алмаштириб берилгани бу борадаги аҳоли ташвиш-муаммосини бартараф этди.
Бу борада ҳудуддаги кўп хонадонли турар жой иншоотларида жорий таъмирлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини тартибга келтириш, таъминотни бир маромда ташкиллаштириш, қолаверса, кўп қаватли уйлар даҳлизидан ториб, улардаги электр таъминоти тармоғидаги тақсимлаш қутиси (электрошит)лари бирма-бир хатлов ва назоратдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси мутахассислари ҳамкорлигида жойида бартараф этилмоқда.
Жумладан, вилоят марказида "Dilshodbek" бошқарув сервис компанияси томонидан хизмат кўрсатилаётган "Шайх-ул олам" маҳалла фуқаролар йиғинидаги 21-, 22- ва 24-сонли кўп хонадонли турар жойларнинг кириш йўлакларида ўрнатилган электрошитларни ҳам таъмирлаш жараёнида яроқлилик муддатини ўтаб бўлган электр анжомлари янги ва энергия тежамкор жиҳозларга алмаштирилди.
Бухоро шаҳридаги "Buxoro Polizol servis" МЧЖ бошқарув компанияси ишчи-ходимлари томонидан ҳудуддаги кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи аҳоли вакилларининг талаб ва таклифлари ўрганилиб, уйларга ёндош ҳудудлар ободонлаштирилиши билан бир қаторда кириш йўлакларини таъмирлаш ҳамда яроқлилик муддатини ўтаб бўлган ёғоч дераза ромларни замонавий ва энергия тежамкор “АКFА” ромларига алмаштириш ишлари амалга оширилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати