Бухоро тумани: “Бир контур - бир маҳсулот” тамойили асосида броколли карами етиштирилмоқда
2024-10-09 17:45:00 / Янгиликлар

— "Работипоён"лик Бекзод, Баҳодир ва Бобир Саломовлар, Достон Тўлаев, Ойбек Паноев, Қаҳрамон Собиров, Ирода Бақоева, Феруза Ҳусенова, Акбар Бозоров, шунингдек, Матлуба, Насиба, Фазлиддин, Фурқат, Фозилжон Нажмиддиновларнинг ҳар бири бугунга келиб 40-50 сотихдан ер майдонига эга бўлиб, такрорий экин етиштиришни ёз ойларидан бошлаб юборишган,—дейди “Агробанк”нинг туман филиали бошқарувчиси Уйғун Нуруллаев.—Айни кунда бу ишда буюртмачи агрегатор, яъни ҳудуддаги лидер тадбиркорлардан бири “Чориева Нигина Қаҳрамоновна” томонидан томорқа эгаларига зарур уруғлик, ниҳол кўчатлари, минерал ўғит етказиб берилиб, агротехник парвариш ишлари кузатиб борилмоқда.
Бугун бошланган саъй-ҳаракатнинг моддий манфаатдорлик жиҳати шундаки, томорқачи ёшлар аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларни даромадини ошириш мақсадида ташаббус кўрсатиб, 70 кунлик меҳнатдан сўнг баракали ҳосил етиштириш ва ҳар гектаридан 100 миллион сўмга етказиб даромад олиш имконига эга бўладилар.
Бу карам тури экспортбоп маҳсулот бўлиб, ички ва ташқи бозорда харидоргир ҳисобланади. Брокколи карами турли хил салатлар, суюқ таомлар, гарнирлар тайёрлаш учун фойдаланилади. Уни маринадлаш, музлатиш ва консервалаш мумкин. У анча енгил ҳазм бўлиш хусусиятига эга. Работипоёнлик томорқа эгалари бу ерда ҳадемай кеч кузга бориб карам маҳсулотини йиғиб, саранжомлаб олиб, эрта баҳордан яна ер тайёрлаб, сабзи экишни мўлжаллашмоқда.
Аҳолининг даромад топишга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳолига аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида амалга оширилаётган бу каби тадбирлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





