Шофиркон: “Қораулон” шифокорлик пункти фойдаланишга топширилди
2024-10-07 10:05:00 / Янгиликлар

“Қораулон” шифокорлик пункти замонавий талабларга мос равишда жиҳозланган бўлиб, унда лаборатория, ЭКГ (электрокардиограмма), УТТ (ултратовуш текшируви), акушер-гинекология, эмлаш, ва стоматология хоналари мавжуд. Бунда аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароит яратилди. Шунингдек, пунктда кундузги стационар бўлиб, унда 6 та ўрин мавжуд. Бу ерда беморлар зарур даволаш ва диагностика хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда.
Қолаверса, айни кунда ҳудудда 50 дан ошиқ ҳомиладор аёл ва 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган 5 нафар, шунингдек, иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган 47 нафар фуқаро мазкур тиббий хизматларидан фойдаланишмоқда.
Мазкур шифокорлик пунктининг янги биноси "Jo‘ynav sity savdo baraka" МЧЖ томонидан барпо қилинди. Қурилиш учун жами 1 миллиард 700 миллион сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, Ботир Собиров раҳбарлигидаги қурувчилар жамоаси ўтган ойларда бу иншоотда белгиланган ишларни бекаму кўст уддаладилар.
Шифокорлик пунктининг очилиш маросими тантанага айланди. Тадбирда туман ҳокими Алишер Файзуллаев бошчилигидаги жамоатчилик вакиллари, тиббиёт бирлашмаси ходимлари, маҳалла аҳли иштирок этдилар. Маросимда сўзга чиққанлар қораулонликларни янги маскан билан самимий табриклаб, бу тиббиёт муассасасининг аҳоли саломатлигини сақлаш ва яхшилашдаги ўрни хусусида тўхталдилар. Қурилишда жонбозлик кўрсатганларга алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Замонавий типдаги иншоотнинг рамзий лентаси қирқилгач, меҳмонлар бунда яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








