Вобкентда мактаб ва мактабгача таълим тизими моддий-техник имкониятлари яхшиланмоқда
2024-10-02 09:55:00 / Янгиликлар

Бугунга келиб Вобкент туманида жами 43 та таълим муассасаси фаолият юритаётган бўлиб, шундан, 42 та умумтаълим мактаби, шунингдек, математика фанига йўналтирилган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ва “Баркамол авлод” болалар мактабида умумий ҳисобда 21 минг 800 нафар ўқувчи таълим-тарбия олишмоқда.
Эртамиз эгаларига жами 2268 нафарга яқин ўқитувчи мутахассис сабоқ беришмоқда.
Айни пайтда туманда давлат мактабгача таълим ташкилоти сони 36 тага етказилган бўлиб, шундан нодавлат мактабгача таълим ташкилоти сони 97 тани ташкил этмоқда. Бу саъй-ҳаракат эса ҳозирда ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг 11 минг 700 дан ошиқ 3-7 ёш тоифасидаги жажжи фарзандини эрта саводини чиқариш учун болалар муассасаларига қамраб олишга қаратилгани билан аҳамиятли. Олиб борилаётган чора-таджбир натижасида улардан 9 минг 200 нафари ёки 78,5 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига жалб қилинган бўлса, бу тармоқдаги иш изчил давом эттирилмоқда.
Умумтаълим мактабларида касбий фаолиятини олиб бораётган ўқитувчиларга келсак, улар тоифасига кўра таҳлил қилинганда, 2 минг 268 нафар педагог ходимдан 450 нафари ёки қарийб 20 фоизи олий тоифали, 519 нафари ёки деярли 23 фоизи биринчи тоифали мутахассислардир.
Муассасалар таъмири ва модернизациясига келсак, жорий йилнинг ўзида инвестиция дастури доирасида ҳудуддаги 16-, 17- ва 21-сонли умумтаълим мактабларида умумий қиймати 15 миллиард 400 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Худди шундай, марказлашган маблағлар ҳисобидан “Ширин” МФЙ да 14-сонли умумтаълим мактабининг бўш турган биносида қарийб 1 миллиард сўм сармоя эвазига мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилиб, мактаб янгича замонавий қиёфага келтирилди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг ўзида 7 миллиард 300 миллион сўмга тенг маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан туманда 24 та таълим муассасасида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилиб, зарур инвентарлар, моддий-техник жиҳозлар билан таъминланди.
Келгусидаги марраларни каттароқ олиш мақсадида туманнинг Хажувон, Шанба ҳамда Кўлхатиб маҳаллаларида умумий қиймати 10 миллиард 500 миллион сўмга тенг бўлган 3 та, ҳар бири 90-100 нафар жажжи болажонни ўз бағрига олиш имкониятига эга давлат мактабгача таълим ташкилотини қурилиш ишлари бошланди. Бу лойиҳалар тўла-тўкис амалга оширилиши туфайли яқин ойларда 3-7 ёшли жажжи ўғил-қизнинг боғчаларга қамровини 87 фоизга етказиш мумкин бўлади.
Масалан, биргина “Шоҳнигор” маҳалла фуқаролар йиғинида бугунга келиб 970 тага яқин хонадон ва уларда жами 4 минг 600 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, маҳалла бундан уч йил бурун “Обод қишлоқ” давлат дастурига мувофиқ замонавий қиёфа касб этган. Ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш мақсадида ўша йили маҳаллий бюджетдан 12,1 миллиард сўм маблағ сарфланган.
Ҳудуд муҳандислик-коммуникация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилиб, аҳоли ва улар фарзандларига қулай имконият яратилган. Жумладан, ҳудуддаги 18-сонли мактабгача таълим ташкилоти 1,6 миллиард сўм маблағ эвазига қайта таъмирдан чиқарилган бўлса, бугунга келиб 38-сонли умумтаълим мактаби замонавий қиёфага келтирилиб, таъмирлаш ишлари ниҳояланиб, эртамиз эгаларига рисоладагидек қулайлик яратилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






