Пешку: “Туркистон”, “Навгаҳон” ва “Ўзбек” маҳаллалари йўллари янгича қиёфага кирмоқда
2024-09-30 15:00:00 / Янгиликлар

Мазкур лойиҳа амалиётида буюртмачи Автомобиль йўллари қўмитаси тасарруфидаги “Ўзавтойўлинвест” давлат агентлигидир. Лойиҳада бош пудратчи сифатида Хитойнинг “China Railway 20 Bureau Group Corporation” компанияси замонавий ва мустаҳкам йўл қуриш масъулиятини зиммасига олган.
Халқаро йўл қуриш меъёр-қоидаларига мувофиқ, бажарилган иш сифати, йўл қурилиш-монтаж ишлари устидан техник назоратни Корея Республикасининг "Dohwa Engineering Co., Ltd" инженер консалтинг компанияси олиб бормоқда. Айни пайтда замонавий техника ва механизмлардан фойдаланаётган хорижий йўлсозлар жамоаси бу участкалар йўл қисмини бетонлаштириш ишларини яқин бир ойда якунлаб, равон йўлни фойдаланишга топшириш ҳаракатидалар.
Умуман, бугунга келиб Пешку туман Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси тасарруфида маҳаллий аҳамиятдаги умумфойдаланув автомобиль йўли узунлиги 306 километрга тенг бўлиб, ўтган йил давомида бажарилган 3,5 миллиард сўм қийматдаги таъмирлаш-тиклаш ва қарийб 2,5 миллиард сўмга тенг сақлаш ишлари билан бир қаторда, йўлларда ҳаракат қатнашчилари, йўловчи ва ҳайдовчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 550 метр масофадаги пиёдалар йўлаги қуриб фойдаланишга топширилган. Шунингдек, ҳудуддаги автомобил йўлларида юздан зиёд эскирган, яроқсиз йўл белгиси янгисига алмаштирилган.
Бундан ташқари, йўлсозлар жамоаси туман ҳудудидаги жами 86 та кўприк созлигига ҳам бевосита масъулдирлар. Шу боис, сўнгги бир йил давомида таъмирталаб ҳолга келган 5 та кўприкда қиймати 3 миллиард сўм атрофида қайта қуриш ва реконструкция ишлари амалга оширилгани бу борада эришилган ютуқлардан, албатта.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати


