Бухоро туманидаги “Шукрона” маданият маркази ҳам янгиланди
2024-09-30 11:20:00 / Янгиликлар

Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида жумладан, “Кунжи Қалъа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 9-сон “Шукрона” маданият маркази ҳам маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан қайта таъмирланиб, қайта жиҳозланди.
Эндиликда бу марказда кинозали, кутубхона, рубоб, дойра, най ижрочилиги, нутқ маданияти, анъанавий хонандалик тўгараклари ҳамда "Шукрона" фольклор халқ ҳаваскорлик жамоаси фаолияти йўлга қўйилиб, мусиқа ва санъатга йўналтирилган тўгаракларга ёшлар билан биргаликда катта ёшли аҳоли вакиллари ҳам жалб қилинмоқда.
Маданият марказини фойдаланишга топшириш тадбирида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шахриёров, туман ҳокими Анваржон Очилов, вилоят Маданият бошқармаси бошлиғи Шерзод Тилавов ва бошқалар иштирок этишиб, йиғилганларни қизғин табрикладилар.
Мазкур муассаса ҳудуд аҳолиси, жумладан, ёшлар ўртасида маданият, мусиқа ва санъатни кенг тарғиб этиш, ёш истеъдод эгаларини тарбиялашга хизмат қилишини таъкидладилар. Маданият марказида санъатга қизиқувчи ёшлар учун барча шарт-шароит яратилган бўлиб, айни дамда ёшлар қизиққан мусиқа ва бошқа йўналишдаги тўгаракларда таҳсил бошланган.
Тадбирда рамзий лента қирқилгач, йиғилганлар замонавий қиёфадаги икки қаватли иншоотда маданият ходимлари, мусиқа ва санъат шинавандалари учун ҳозирланган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









