Бухоролик устоз-мураббийларга давлат мукофотлари ва кўкрак нишонлари топширилди
2024-09-30 10:05:00 / Янгиликлар

Мазкур сана муносабати билан вилоят ҳокимлигида тантанали маросим ташкил этилди.
Унда вилоятдаги таълим ташкилотлари мутасаддилари, илғор профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, хориждан Бухорога келиб таълим бераётган педагоглар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан қутлади. Сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, вилоятимиз ёшларининг эришаётган ютуқлари, республикада намуна бўлаётган ўқитувчиларнинг илғор педагогик ва илмий тажрибалари эътироф этилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда вилоятимиздаги 2 500 дан ортиқ таълим даргоҳларида 35 мингдан ортиқ педагог-ходимлар фаолият олиб бормоқда. Кейинги йилларда бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимиздаги таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида ҳам кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди.
Хусусан, жорий йилнинг ўзида мактаблар учун 8 та спорт зали, 2 та ошхона қурилди, 16 та мактабнинг лаборатория хоналари жиҳозланди.
Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури асосида 20 дан ортиқ муассасада қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларининг аксарият қисми айнан таълим муассасалари инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилмоқда. Ана шундай узоқни кўзланган ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистон вакиллари сифатида вилоятимиздаги кўпгина ўқувчи-ёшлар халқаро фан олимпиадаларида муносиб иштирок этиб, медалларни қўлга киритишмоқда. Нуфузли санъат фестиваллари ва танловлари, халқаро спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлишмоқда.
-Шу ўринда яна бир муҳим далилни тилга олиб ўтишни истардим. Жорий йилда Халқаро ва республика фан олимпиадаларида 30 дан ортиқ совринли ўринлар қўлга киритилди. Ушбу ўқув йилида ўтказилган тест синовларида иштирок этган битирувчиларимиз ўртача 88,2 балл тўплаб, республикада энг юқори кўрсаткични, яъни 1-ўринни қайд этди.
Албатта, устозларимизнинг меҳнатини биргина ушбу жиҳатлар билан белгилаб бўлмайди.
Аслида ҳаётимиздаги ҳар бир омадли қадам, ҳар бир муваффақият замирида устозларимизнинг машаққатли меҳнати, тинимсиз изланишлари мужассамдир,-деди Ботир Зарипов.
Тадбирда муаллимларнинг касб байрами олдидан Президентимиз Фармонига асосан давлатимизнинг юксак мукофотлари – орден ва медалларга сазовор бўлган беш нафар бухоролик таълим жонкуяри алоҳида эътироф этилди. Мукофотлар ўз эгаларига тантанали тарзда топширилди.
Шунингдек, таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган, айниқса, фаолияти давомида юқори кўрсаткичларга эришаётган бир гуруҳ устоз ва мураббийлар, ёш педагоглар “Халқ таълими фидойиси”, “Халқ таълими аълочиси”, “Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси”, “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар давлатимизнинг ушбу юксак мукофотлари уларга янада куч-ғайрат бағишлашини, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёти йўлида янги марраларни эгаллашга ундашини таъкидлашди, юксак эътибори ва ғамхўрлиги учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдиришди.
Барча давлат мукофотларига сазовор бўлган ҳамюртларимизга юксак эътироф муборак ва бардавом бўлсин!
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









