Шофиркон: "Читгарон"даги мономарказ туфайли чеварлар сафи кенгаймоқда
2024-09-28 16:05:00 / Янгиликлар

Маҳалла биносида шу ерлик чевар тадбиркор Маҳбуба Ҳамроева раҳбарлигида "Моно марказ" ташкил этилганига кўп бўлмади. Марказда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан "уста-шогирд" асосида ҳунармандчилик ўргатила бошланди.
Бу марказда асосан тикувчилик бўйича ўқув курслари ташкил қилинган бўлиб, ишсиз хотин-қизлар учун уч ойлик махсус таълим дастури амалга оширилмоқда. Мазкур курсларга 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган хотин-қизлар жалб қилиниб, улар касб-ҳунар ўрганмоқда. Ҳозирга қадар 20 нафар хотин-қиз шу марказда ўқишни муваффақиятли якунлаб, махсус сертификат асосида иш бошлаган бўлса, айни кунда 18 нафар аёл шу курсда маҳорат эгаларидан бичиш-тикишни пухта ўрганмоқда. Ҳадемай, курсни битириб чиқишганидан кейин уларга ҳам уй хўжалигида якка тартибда ишлаб даромад топишлари учун субсидия асосида замонавий тикув машинкалари бепул олиб берилади.
Дарвоқе, курснинг дастлабки битирувчилари орасида марказда сертификатга эга бўлгач, туманда йирик "Амirtex" фабрикасида доимий иш билан таъминланганлар ҳам талайгина. Шунингдек, ўқув марказининг ўзида 8 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. Улар қўли билан мономарказда турли буюртмалар асосида кийим-кечак, чойшаб, фартук, қўлқоп кабилар бежирим тикиб, кўргазмали ўргатилмоқда. Бу нафақат устоз-шогирд чеварлар касбий кўникмасини ошириш, улар оиласига даромад олиб кириш, балки маҳалла ривожланишига ҳам салмоқли ҳисса қўшади.
Биргина Читгарон маҳалласидаги ҳар бир эҳтиёжманд аёл учун бу мономарказ айтиш жоизки, янги имкониятлар эшигини очиб берганини Марҳабо Эшонова иш фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Кўрпа, кўрпача ва ёстиқ тикиб тайёрлаш халқимизнинг азалий удумларидан, қўл меҳнати намуналаридан. Азалдан ўзбек хонадонида бу каби чеварлик маҳсулотлари эътибор билан, зеб бериб тикилган. Асрлар давомида сақланиб келаётган бу удум, ҳар бир кўрпа ва кўрпача ўзида миллий урф-одатларимиз ва меҳмондўстлик анъаналарини ифодалайди.
Марҳабо Эшонова ҳам кўп йилдирки, шу анъанани давом эттириб, кўрпа ва кўрпачалар тикиш билан шуғулланиб келади. Шубҳасиз, қавиб тикилган ҳар бир кўрпа ёки кўрпачада чеварлар машаққати, меҳр ва диди ётибди. Марҳабо опа ана шундай ҳунарни ардоқлаб, нафақат ўз оиласини, балки қўни-қўшни, қишлоқдошлар хонадони, келинчаклар сепини ҳам ўз қўлидан чиққан бежирим, момиқ пахтали маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда. Ҳозирда у ёш ҳаваскор тикувчилар устози сифатида ўз ҳунарини ишончли қўлларга мерос қилиб қолдириш ниятида фарзандларига қунт билан ўргатмоқда.
Не бахтки, онасининг этагидан тутган Қурбоной Эшонова ҳам айни кунда чеварликка меҳр қўйган. Кўрпаю кўрпача қавиш билан бирга, у болаликдан қизиқишини намойиш этиб, каштачилик ҳунарини пухта ўзлаштирмоқда. У бу нозик амалий санъат турини қисқа вақт ичида эгаллаб, миллий нақш ва нақшинкор жияклар солишни, кўҳна ва янгича услубни қориштириб, буюртмалари сонини кўпайтиришни эпламоқда.
Қурбоной бир йилдан кўпроқ мустақил ишлашга ўтиб, ўз қўллари билан жойнамозлар, ёстиқ жилдлари, ёпинчиқлар, қўл сумкалари, турлича кашта нақши солинган чеварлик буюмларини яратмоқда. Бу маҳсулотлар нафақат нафис кўриниши, балки сифат жиҳатидан ҳам мижозларнинг меҳрини қозонмоқда. Қурбоной чеварнинг ижоди каштачиликни янгидан кашф қилиш баробарида бу соҳада шогирд етиштириш имконини ҳам берди. Шу боис, ҳозирда у ўндан ортиқ каштачи қизларни тайёрлаб, уларга қадим ҳунар—каштадўзлик сирларини ўргатиб келмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








