Шофиркон: Илғор мактаб мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди
2024-09-27 11:25:00 / Янгиликлар

Таълим-тарбия ишларининг тўғри йўлга қўйилгани туфайли айни кунда мазкур мактаб республика рейтингида 13-, вилоят миқёсида 4- ва туманда эса пешқадамликни банд қилиб турибди.
Мактаб ишлари омилкорлик билан олиб борилаётгани самараси ўлароқ, бунда таҳсил олаётган ўғил-қизлар орасида фан олимпиадалари, билимлар беллашувларида юқори натижаларни қайд қилаётганлари ҳам талайгина. Аниқроғи, сўнгги ўқув йилида туманда 12 та, вилоят миқёсида 8 та ҳамда республика миқёсида 3 та беллашувда ютуққа эришилган.
Айни кунда бу даргоҳда 39 нафар ўқитувчи фаолият юритмоқда. Улардан 13 нафари олий тоифали мутахассислардир. Чет тили ва бошқа фанлар бўйича 10 нафар ўқитувчи миллий сертификатга эга эканлиги муассаса мавқеи ва таълим сифатини янада оширмоқда.
Шубҳасиз, қилинаётган меҳнатга яраша таълим даргоҳи битирувчиларининг олий ўқув юртларига киришида ҳам юқори натижаларга эришилмоқда. Жумладан, 2023-2024 ўқув йилида битирувчиларнинг 92 фоизи ўзи танлаган институт ва олийгоҳ талабаси бўлган.
Жорий йилда таълим маскани "Оpen budjet" лойиҳасида ғолиб бўлиб, 1 миллиард 350 миллион сўмни қўлга киритди. Бу маблағ мактабнинг ўқув биноси, спорт залини таъмирлаш ишларига сарфланди. Шу билан бирга, мактаб ҳовлисида ҳам кенг кўламда ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, ўқув даргоҳи бутунлай янгича қиёфага кирди.
Бунда Туйғун Раҳматов бошчилигидаги "Ғиждувон умумқурилиш сифат" МЧЖ бинокорлари жонбозлик кўрсатдилар.
Мактабнинг замонавий қиёфадаги биносини фойдаланишга топшириш маросимида туман ҳокими Алишер Файзуллаев бошчилигидаги масъуллар, жамоатчилик вакиллари, фахрий ўқитувчилар, мактаб жамоаси иштирок этди. Сўзга чиққанлар томонидан янгича бино ва шароитлар билан мактаб жамоаси, ёшлар ҳамда маҳалла аҳли қутланди.
Замон талаблари асосида мукаммал таъмирдан чиққан ўқув бинолари, спорт зали, санитария тармоғи, зарур моддий-техник имконият ёш истеъдодларни юзага чиқаришга хизмат қилиши ва баркамол авлодга юқори сифатли таълим олиши учун замин ҳозирлаши эътироф этилди.
Рамзий лента қирқилгач, меҳмонлар иншоотда эртамиз эгалари учун яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









