Камбағалликдан фаровонлик сари: “Оқтепа”да камбағал оила қолмайди!
2024-09-24 19:50:00 / Янгиликлар
Куни кеча вилоят раҳбари “Оқтепа” маҳалласида бўлиб, ўзига бириктирилган эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий аҳволи билан танишиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганган, уларни камбағалликдан чиқариш, мазкур оилаларда яшовчиларнинг касб кўникмалари, қизиқишларидан келиб чиқиб, оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал чора-тадбирлар белгиланган эди.
Бугун ҳам Ботир Зарипов “Оқтепа” маҳалласида бўлиб, аввалги ўрганишлари ва аҳоли билан мулоқотлари давомида белгиланган вазифаларнинг натижадорлиги билан қизиқди.
Бу гал Лола Бўриевани анчайин хушҳол кайфиятда учратдик. Турмуш ўртоғи вафотидан сўнг бир ўғил, бир қизни ҳам ота, ҳам она бўлиб улғайтираётган муштипар аёл вилоят раҳбарини қувонч кўз ёшлари билан кутиб олди.
-Тўғриси, ишонмагандим. Сиз келиб кетган кунингизнинг ўзидаётган электр таъминоти корхонаси ходимлари келиб вулканизация учун зарур бўлган юқори кучланишли фазага улаб беришди. Яна сигир-бузоқ, 20 та товуқ келтиришди. Ҳозир иссиқхона қуриб беришяпти. Дарвозахонамизни таъмирлаб беришяпти. Давлатнинг эътиборини ўзим ҳаётимда сездим. Буёғига меҳнат қилиб, даромадимизни оширишга ҳаракат қиламан. Ҳаммаси учун раҳмат,-деди Лола опа суйиниб ҳам кўзда ёши билан.
Ботир Зарипов Лола Бўриева мисолида давлатимиз раҳбари айтганидай хонадонма-хонадон кирилиб, ўрганилса, ҳар бир муаммонинг албатта ечими борлигини таъкидлади.
Шу ерда жойлардаги муаммо ва имкониятларни маҳалла даражасида ўрганиш, аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллаларни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш, камбағалликни кескин қисқартириш бўйича йил бошида белгиланган устувор вазифалар ижросини танқидий муҳокама қилинди. Туманда оилавий тадбиркорлик, бизнесга биринчи қадам ва бошқа дастурлар доирасида ажратилган имтиёзли кредит маблағларининг аксарият қисми ўзлаштирилмай қолмоқда.
- Бунга ким айбдор? Аввало, ҳудудга бириктирилган тижорат банки мутасаддилари, кейин маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, умуман, иқтисодий комплексга дахлдор масъуллар. Агар улар фидойи бўлиб ишлаганида бугунги маҳалладаги ижобий кўрсаткичлар каррасига ошарди,-деди вилоят раҳбари.
Муҳокамада боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз яшовчилар, ногиронлиги бор шахслар билан индивидуал шуғулланиш, маҳаллада микролойиҳаларни ташкил этишни кенгайтириш орқали аҳолини даромадли қилиш бўйича мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати