Янги таҳридаги Қонун мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди
2024-09-20 19:05:00 / Янгиликлар

Семинарда янги таҳрирдаги Қонун виждон эркинлиги меъёрларини аниқ кўрсатиб, фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини таъминлаши, шунингдек, ҳар қандай динга зўравонлик билан киритишни тақиқлаши қайд этилди. Сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, демократик давлатлар қаторида, қонун устуворлиги тамойилидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам диннинг сиёсатга аралашиши ҳамда диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги Қонунда аниқ кўрсатилган.
Яна бир муҳим жиҳат: диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби бекор қилинди.
Бугунги кунда дунёнинг кўпгина минтақаларида нотинч вазият ҳукм сураётгани туфайли диний омилдан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари кучайиб бораётганини кузатиш мумкин. Шуни инобатга олиб, Ўзбекистон ҳудудида бузғунчи ғояларнинг тарқалишига йўл қўймаслик учун диний мазмундаги босма, аудио ва видео маҳсулотларни экспертизадан ўтказиш долзарб бўлиб қолмоқда.
Қонунда жамиятда турли ёт қарашларни тарғиб қилаётган гуруҳларнинг фаолияти, улар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан кейин тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, давлат идоралари томонидан қонун нормалари нохолис талқин қилиниши ва турлича қўлланишининг олдини олиш мақсадида атама ва тушунчаларга таърифлар келтирилди, улар аниқ ва равшан тарзда баён этилди.
Қонундаги принципиал янгиликлар ҳақида сўз борганда, диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида, аввало, ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигини таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётига аниқликлар киритишга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш лозим.
Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат 16 хил конфессияга амал қилади. Қонун билан белгилаб қўйилган виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги асосий устуворликлар ана шу конфессиялар ўртасида тинчлик ва тотувликни таъминлаш, дунёвий давлатчилик тамойилини кафолатлаш, шунингдек аҳоли онги ва қалбига ёт ғояларнинг сингдирилишига қарши маърифат йўли билан курашишни назарда тутади.
Қонунда фуқароларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда тинч-тотувликни таъминлашга, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришига шарт-шароит яратишга давлатнинг кафил экани мустаҳкамланган.
Қонун турли динларга эътиқод қилувчи мамлакатимиз фуқаролари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликка асосланган муносабатларни сақлаб қолиш ва янада мустаҳкамлаш, уларнинг диний эътиқод билан боғлиқ қадриятлари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилиниши ҳамда тўлиқ таъминланишини кафолатлайди.
Семинар давомида республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш ва фуқароларнинг эътиқодий эҳтиёжларини тўла-тўкис қондириш борасида олиб борилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва ҳуқуқий асослари тўлиқ ва таҳлилий тушунтириб берилди.
Ўз навбатида, виждон эркинлигини таъминлаш бугунги кунда юртимиздаги энг устувор вазифалардан бири экани, янги таҳрирдаги Қонун бу борадаги ислоҳотларнинг муҳим таянчи ҳисобланиши айтиб ўтилди.
Тадбир якунида соҳа вакиллари мавзу юзасидан ўзаро қизғин фикр алмашдилар ҳамда тингловчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









