Ғиждувон: Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари “Улфатбиби” ва “Оқработ” маҳаллаларида бўлди
2024-09-20 15:55:00 / Янгиликлар

Шу куни давлатимиз раҳбарининг "Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-136-сонли Фармони ҳам қабул қилинган.
Хусусан, бу борада Бухоро вилоятига Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Ҳалимжон Сафаров масъул этиб тайинланиб, юқоридаги фармон ижроси юзасидан амалий чораларни кўрмоқда.
Куни кеча Ҳалимжон Сафаров Ғиждувон тумани ҳокимлиги масъуллари билан бирга “Оқработ” ва “Улфатбиби” маҳалла фуқаролар йиғинларида олиб борилган хатлов ва ўрганишлар натижасида ишлаб чиқилган ягона ижтимоий реестрга мувофиқ амалга оширилаётган чора-тадбирларни кўздан кечирдилар.
— Туман марказидан 15 километр узоқликда жойлашган “Улфатбиби” маҳалла фуқаролар йиғини Калонхўр, Бўлди, Араблар эли, Позакенти, Чўғалон, Катта шайхлар, Шарқий Шўробод, Гулистон, Хўжамаҳалла қишлоқларидан таркиб топган бўлиб, ҳозирда бу ҳудудда 1 минг 114 та хонадон, 1 минг 273 та оила ва жами 5,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда, — дейди МФЙ раиси Тўхтамурод Юлдашев. — Кейинги икки йилда маҳалла муҳандислик-коммуникация тармоқларини янгилаш, ижтимоий соҳа иншоотларидан таъмирталабларини қайта шай қилиш, ободонлаштириш, йўл, электр энергияси, ичимлик суви, газ таъминотидаги нуқсон ва камчиликларни бартараф этишга эътибор кучайтирилиб, қатор амалий ишлар қилинди.
Масалан, Араблар эли қишлоғига 1 дона трансформатор ўрнатилиб, 1,5 километр масофадаги электр линияси янгилангани туфайли юзта хонадоннинг электр энергиясига бўлган талаби яхшиланган. Худди шундай, Калонхўр қишлоғида мавжуд трансформатор таъмирдан чиқарилиб, эскириб яроқсиз ҳолга келган 30 та симёғоч цемент-бетон устунга алмаштирилган. Эндиликда бу кўча тунги ёритиш тармоғига эга. Айнан Бўлди қишлоғида бораётган йўл таъмиридан олдин 1 минг 600 метр масофага водопровод қувури тортилгани туфайли эндиликда 128 та хонадон истеъмолга яроқли “оби ҳаёт”дан баҳраманд бўлмоқда.
Маҳаллада ижтимоий муҳофазага олинган аҳоли вакилларидан “Темир дафтар”да бугунга келиб ўнга яқин, “Аёллар дафтари”дан ўрин олганлар сони 2022 йилда 157 нафардан 2023 йилда 29 нафаргача қисқартирилган бўлса, жорий йил шу кунида оғир шароитда бўлган ўнга яқин аёл амалий қўллаб-қувватланмоқда.
Туман ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияномаси асосида жорий йил шу кунига қадар маҳалла фуқаролар йиғинида ночор вазиятда қолган оилаларнинг 30 тадан ошиғига 800 миллион сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағи ажратиб берилган. Бу сармоя ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида бўлганларга асосан савдо-сотиқ ва хизмат кўрсатиш, паррандачилик ва чорвачиликни ривожлантириш, тикувчилик йўналишларида расмийлаштирилган. Бундан ташқари, шу йил дастлабки ярми даврида ҳудуддаги қирққа яқин кам таъминланган ва эҳтиёжманд оиланинг меҳнатга лаёқатли вакилларига умумий қиймати 150 миллион сўмга тенг бўлган мотокультиватор, электр пайвандлаш ва ўт ўриш ускуналари, тикув машинаси ва сувни қадоқлаш дастгоҳи етказиб берилгани улар бандлигини таъминламоқда.
Худди шундай, уйма-уй юриб, ўрганишлар Оқработ маҳалласида ҳам давом этди. Бу маҳалаларда алоҳида тоифаланган эҳтиёжманд оилалар турмуш тарзи, улар ташвиш-муаммоларига эътибор қаратилиб, тегишлича тезкор ҳал қилиш чоралари кўрилди.
Ишчи гуруҳининг "Оқработ" МФЙда яшовчи Ш.Тошева оиласидаги ижтимоий аҳвол ўрганилганида, унинг ишсизлиги ва даромадсиз экани маълум бўлди. Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари томонидан бу хонадон бекасига ҳудуддаги "Олтин Барака" МЧЖга ишга жойлаштириш таклифи билдирилди.
Умуман, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қийин вазиятда даромадсиз қолган оилаларга кўмак бериш, уларни ишбилармонликка жалб қилиш орқали камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар туманнинг бошқа маҳаллаларда ҳам давом эттирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







