Шофиркон: “Санжар Самандар файз-2020” МЧЖ 250 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилади
2024-09-13 12:40:00 / Янгиликлар
Асосан, ун ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонанинг йиллик иш қуввати 20 минг тонна буғдойни қайта ишлаш ва истеъмол учун сифатли ун тайёрлашга мўлжалланган. Корхона раҳбари Султон Ҳайдаров ташаббуси билан жорий йилнинг биринчи ярмида ун заводи фаолиятини кенгайтириш чоралари кўрилиб, замонавий русумдаги иккинчи ун тегирмони қуриб ишга туширилди. Шу мақсадда корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан 4 миллиард сўм маблағ сарфланиб, ишга туширилган қўшимча қувват ҳисобидан яна 10 нафардан ортиқ ишчининг бандлиги таъминланмоқда.
Ишлаб чиқариш учун зарур хом ашё, сара буғдой эса маҳаллий ва қўшни Вобкент, Пешкў, Ғиждувон ва бошқа туманлар фермер хўжаликларидан шартнома асосида харид қилинмоқда. Корхонада ишлаб чиқарилаётган "Файз Барака" бренди остидаги маҳсулот харидорлар эътирофига сабаб бўлмоқда ва мижозлари сафини кенгайтирмоқда.
Фаолияти барқарор йўлга қўйилган корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати кунига 50 тоннани ташкил этиб, бундан суткасига ўртача 15 тонна атрофида сифатли ун маҳсулоти қопларга қадоқланаётган бўлса, сифатли маҳсулот ички бозор билан бирга чет элдаги буюртмачиларга, жумладан, қўшни Туркманистон ва Афғонистон республикаларига экспортга етказиб берилмоқда.
Шунинг баробарида, корхона тумандаги экспортчи корхоналар сафига қўшилгани ҳолда жорий йилнинг биргина август ойида 25,5 минг АҚШ долларига тенг ун маҳсулоти қўшни Афғонистон республикасига етказиб берилган.
Умуман, айни кунда “Санжар Самандар файз-2020” МЧЖ томонидан жорий йил якунига қадар яна 250 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотни экспортга чиқариш мақсад қилинган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати