Шофиркон: “Боғиафзал”, “Ш.Рашидов” ва бошқа ҳудудларда пахта йиғим-терими жадаллашди
2024-09-13 11:50:00 / Янгиликлар
![Шофиркон: “Боғиафзал”, “Ш.Рашидов” ва бошқа ҳудудларда пахта йиғим-терими жадаллашди](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fapi-portal.gov.uz%2Fuploads%2Faf3a5d74-5af7-2bdb-f916-5ed734e4b7f4_lists_slider_.jpg&w=3840&q=75)
Дала бошида эса улар учун иссиқ овқат, зарур пайтда транспорт хизматини жорий этиш фермер хўжаликлари раҳбарлари зиммасига юкланган.
Йиғим-теримни пешқадамлар сафида бошлаган субъектлардан бири “Боғиафзал” ҳудудидаги “Боғиафзал олтин даласи” фермер хўжалиги бўлиб, айни кунда хўжалик далаларида иш қизғин. Жорий йилда фермер хўжалиги 20,6 гектар майдонда “Бухоро-10” навига мансуб чигит экилган бўлиб, бундан ҳадемай 90 тонналик ҳосил олиш мақсад қилинган. Кунлик “оқ олтин”ни давлат хирмонига етказишда 40 нафар атрофидаги теримчи фаоллик кўрсатмоқда. Оппоқ ястаниб ётган пахтазор теримчи чеварлар учун рақобат майдонига айланган гўё.
Бундан ташқари, “Вардонзе” ҳудудидаги, айни кунда Ш.Рашидов МФЙда фаолият юритаётган “Шоҳруҳбек Шоҳимардон” фермер хўжалиги ҳам йил бўйи етиштирилган пахта ҳосилини саранжомлашга киришган. Хўжалик бу йилги мавсумда 24 гектар майдонда режага мувофиқ 35 тонна “оқ олтин” етиштиришни кўзда тутган. Бу фермер хўжалигига бириктирилган 85 нафар теримчи пахтани ўз вақтида ва нес-нобуд қилмасдан териб олишда жонбозлик кўрсатмоқда.
Статистик маълумотларга биноан, чекка туманда жорий йилда 8900 гектар ерга чигит экилган бўлиб, шундан "Бухоро зарҳал текс" МЧЖ га қарашли 91 та фермер хўжалигида 2412 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Бундан МЧЖ миришкорлари ҳадемай, “оқ олтин” йиғим-теримида 9558 тонна хирмон кўтаришни мақсад қилишган.
Ҳудудда "Бухоро агрокластер" МЧЖ билан ҳосил етиштиришга доир шартнома тузган 208 та фермер хўжалигида эса 4516 гектар ерда чигит экиб, ғўза парваришланаётган бўлиб, бундан хўжаликларда 18 минг тоннага етказиб хирмон бунёд этиш кўзланган. Худди шундай, туманда "WBM Rомтех" МЧЖ тасарруфидаги 62 та фермер хўжалиги томонидан 1972 гектарда серҳосил навларга мансуб ғўза парваришланаётган бўлиб, бундан давлат хирмонига 7676 тонналик юқори сифатли саноат хом ашёсини қўшишга аҳд қилинган.
Умуман, далада етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш — шу куннинг долзарб иши. Бунда ҳар бир фермер хўжалиги, теримчилар отрядлари катта хирмонни бойитишда астойдил ҳисса қўшмоқда. Пахта йиғим-терими давом этар экан, "оқ олтин" хирмони юксалгани сайин хўжаликлар ва уларга ёрдамлашаётган ҳашарчи теримчилар моддий манфаатдорлиги ошиб бораверади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати