Ғиждувон: ижтимоий “оғир” маҳаллаларда “Янги Ўзбекистон” қиёфасини шакллантириш ишлари изчил бормоқда
2026-02-03 16:20:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши белгиланган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишларида “оғир” маҳаллаларга “Янги Ўзбекистон” қиёфасини олиб кириш бўйича муҳим топшириқ ва тавсиялар берилган эди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 октябрдаги "Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-298-сонли қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Мазкур қарорга мувофиқ, республикамизда 33 та шаҳар ва туманга "Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)" мақомини бериб, уларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудларга айлантириш ишлари жадал бошланган.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ғиждувон туманида ҳам ижтимоий-иқтисодий аҳволига кўра 5 та “оғир” маҳалла — Тарханон, Бештова, Ғовшун, Қумоқ ва Сармижон маҳаллалари танлаб олиниб, бу ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий муҳитни яхшилаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини ошириш, қолаверса, ҳудуд муҳандислик-коммуникация тармоқлари фаолиятини яхшилашга доир аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Туман ҳокимлиги, тегишли масъуллар томонидан айни кунда мазкур маҳаллаларда олиб борилаётган ишлар кундалик назоратга олинган. Бундай тоифадаги “оғир” маҳаллаларда фаоллар билан бевосита мулоқот қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, аҳоли ижтимолий муҳофазаси, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, эҳтиёжманд оилаларга даромад манбаини яратиб беришга доир манзилли чоралар кўрилмоқда. Бу орқали аҳолининг барқарор даромад манбаларини кенгайтириш, турмуш даражасини ошириш мақсад қилинган.
Шунингдек, “Бештова” маҳалла фуқаролар йиғинидани Навобоши аҳоли пунктида фаолият юритаётган тадбиркор Уйғун Шомуродовнинг паррандачилик йўналишидаги иши атрофлича ўгранилиб, унга яқиндан моддий мадад бериш чоралари кўрилмоқда. Тадбиркор 2016 йилда 500 бош тухум йўналишидаги товуқ сотиб олиб, иш бошлаган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 6 минг бошга етказилган.
Ҳозирда паррандачилик хўжалигида кунига 5 минг донадан ортиқ тухум етиштирилиб, маҳаллий бозор орқали аҳоли дастурхонига етказилмоқда. Ҳар бир дона тухум 1000-1300 сўмдан реализация қилинаётгани ҳисоб-китоб қилинса, тадбиркорлик субъектининг кунлик даромади 6 миллион сўмга етказилмоқда. Албатта, бу моддий манфаатдорлик зимирида машаққатли меҳнат, Шомуродовлар оиласи ва уларга ёлланиб ишлаётган ўнга яқин оила аъзолари пешона тери ётибди. Мазкур фаолият нафақат тадбиркор даромадини, балки маҳаллада бандликни таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Айнан Бештова маҳалласида фаолият юритаётган “Абубакр чорва замини” МЧЖ томонидан эса наслли қорамол ва қўйлар Қозоғистон ҳамда Доғистон ҳудудларидан олиб келиниб, парвариш қилинмоқда. Худди шундай, ҳудудда томорқа хўжалиги, иссиқхона меҳнатини қадрлаб, йилнинг тўрт фаслида баракали ҳосил етиштираётган миришкорлар сафи кенгаймоқда.
Умуман, амалга оширилаётган бу каби тизимли ишлар “оғир” маҳаллаларда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва “Янги Ўзбекистон” қиёфасини қарор топтириш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









