Шофиркон: кеча ишсиз ва даромадсиз уй бекаси эди, бугун... тадбиркор
2026-02-02 13:25:00 / Янгиликлар

Талисафед маҳалласида ҳам бугун ўз меҳнати ва ташаббуси билан оила тебратиб, моддий манфаатдорликка эришаётган миришкорлар сафи кенгаймоқда. Оддий хонадондан бошланган ҳаракат, сабр ва ҳунар билан қўшилиб, барқарор даромад манбаига айланди. Ишсизликда имконият излаб, қийинчиликдан чўчимаган аёл Гуллола Исмоилова бугун пазандалиги билан маҳалладошлари ҳожатини раво қилиб келаётгани, дастурхон тўкинлигига баҳолиқудрат ҳисса қўшаётганидан мамнун.
Гуллола Исмоилова дастлаб моддий маблағ йўқлиги сабабли қийинчиликларга дуч келган. Шунга қарамай, у ўз кучига таяниб, яшаб турган хонадонида хамирли ярим тайёр маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйди. Аввалига кичик ҳажмда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар маҳалла дўконларига етказилиб, аста-секин даромад манбаи шаклланди.
Маҳалла масъуллари кўмагида Гуллола Исмоилова “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида ўтган йили 10 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини олиб, ишини ривожлантирди. Бугунга келиб эса у ўз хонадонида 5 нафар хотин-қиз билан биргаликда чучвара, манти, лағмон, сомса ва бошқа 10 га яқин турдаги хамирли, ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Бу тайёрланаётган ярим тайёр маҳсулотлар маҳалладошлар дастурхонига пешма пеш етказилиб, ҳатто тўй-маъракалар учун буюртмалар ҳам олинаётгани бир нечта хонадон бекалари учун қўшимча моддий манфаатдорлик демак.
Ҳозирги кунда Гуллола Исмоилова кунига ўртача 400 минг сўм даромад топиб, шундан ойига 10–12 миллион сўм миқдорида соф фойдаги эришмоқда. Бу самарадорлик эса уй шароитида бошланган кичик ташаббус қисқа вақт ичида самарали ишбилармонлик фаолиятига айланганининг амалий намунаси. Бу ҳам хонадонларда мавжуд имкониятдан унумли фойдаланиш, ишсиз хотин-қизларни банд қилиш борасида фойдали тажрибалардан бири.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







