Бухоро тумани: “Маданият работ”да Моҳинур Ҳомидова тикувчилик цехини очди
2026-01-29 22:10:00 / Янгиликлар
Қўлида чеварлик ҳунари бор, аммо уйда ишсиз ва даромадсиз қолган аёл ниҳоят, моддий аҳволи яхши эмаслигидан ўкиниб яшаш ташвишидан холи бўлди. Ижтимоий аҳволига кўра, ногиронлиги бўлган ишсиз аёлга “Nurli kelajak” маркази ўз хизматларини таклиф қилди. Бу ўринда гап “Маданият работ” маҳалласида яшовчи Моҳинур Ҳомидова хусусида бормоқда.

Эндиликда Моҳинурга “Nurli kelajak” маркази томонидан ўз лаёқатига мос барқарор иш ва мустақил даромад манбаи яратиш мақсадида маҳалла биноси ёнида тикувчилик цехини ташкил этишда яқиндан кўмак берилди. Бу тикувчилик цехи грант маблағи доирасида ички жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди.
Асосийси, Моҳинур Ҳомидова чеварлик фаолиятини бошлаш, барқарор даромадга эга бўлиш имкониятига эга бўлди. Бу лойиҳа нафақат унинг ўзига, балки маҳалла аҳлига ҳам намуна бўлиб, ногиронлиги бўлган аёллар ва ёшлар учун янги имкониятлар яратишда муҳим қадам ҳисобланади.
—Бир неча йилдан бери мўъжазгина бўлса ҳам ўзимнинг тикув цехим бўлишини астойдил хоҳлардим. Аммо моддий қийинчиликлар сабабли фаолиятимни йўлга қўйишда кўп қийналдим, оилавий етишмовчиликлар, моддий муаммолар бор эди. Мана, бугунга келиб бу истагим рўёбга чиққанидан жуда бахтиёрман, бунинг учун мен ва менга ўхшаган аёлларни ҳар жиатдан қўллаб-қувватлаётган давлатимизга, Президентимизга минг раҳмат, — дейди Моҳинур Ҳомидова.
Ҳозирда Моҳинур ўзидан ташқари, яна 3 нафар қиз билан биргаликда тикув цехида иш юритмоқда. Цех эса “Jack” тикув машиналари, зарур ускуналар билан жиҳозланган. Бунда чеварлар янги андозалар, бежирим тикувчилик услуби, шунга ўхшаш касбий маҳоратларини ошириш ҳаракатидалар. Албатта, изланувчанлик ва меҳнат туфайли улар моддий манфаатдорликка эришадилар.
“Nurli kelajak” маркази эса шу каби лойиҳаларни кенгайтириб, маҳаллаларда ногиронлиги бўлган аёл ва ёшларни ижтимоий, иқтисодий ва психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу саъй-ҳаракат ҳудудда ижтимоий тенглик ва ёшларнинг келажакдаги имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





