Олот: сойинқоровуллик Бобоназар Қуллиев ҳам хонадонига қуёш панелларини ўрнатди
2026-01-29 17:15:00 / Янгиликлар
Юртимизда энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, хусусан, қуёш панеллари, муқобил сув иситиш қурилмаларини ўрнатишни рағбатлантириш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда аҳолига солиқ имтиёзлари, банкнинг паст фоизли кредитлари ва амалий кўмак тақдим этилаётгани эътиборга моликдир. Айни кунда Олот туманида ҳам бу имкониятлардан фойдаланаётган хонадонлар сони йил сайин ортиб бормоқда.

Энергия ресурсларига бўлган талабнинг юқорилиги, қайта тикланувчи энергия технологияларини жорий этиш нафақат иқтисодий самарадорликни оширади, балки экологик барқарорликни ҳам таъминлайди. Айниқса, “Яшил кредит” лойиҳаси доирасида хонадонларга қуёш панелларининг ўрнатилаётгани бу саъй-ҳаракатнинг самарадорлигини янада оширмоқда.
Жумладан, Олот туманидаги “Сойинқоровул” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Бобоназар Қуллиев ўз хонадонига 50 кВт соат қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиб, маҳалладошлари учун амалий намуна кўрсатмоқда.
— Муқобил энергия манбаси, қуёш панели туфайли хонадонимиздаги электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммолар бутунлай бартараф этилди. Қувонарлиси, маҳалламизда бу тизимга қизиқаётганлар, қуёш панелларини ўрнатаётганлар сафи кенгаймоқда. Энг муҳими, узлуксиз электр таъминотига эга бўлиш билан бирга, энергияни тежашга ҳисса қўшяпман. Бундан ташқари, ер-мулк солиғи бўйича имтиёзларга эга бўлиб, кунига ўртача 350–400 минг сўм даромадга эга бўлаётганимиз ҳам айни муддао,— дейди хонадон эгаси Бобоназар Қуллиев.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, мазкур хонадон ўз эҳтиёжидан ортиқ бўлган электр токидан ойига қарийб 10 минг киловатт-соат электр энергиясини тармоққа сотмоқда. Бу эса ойига 10 миллион сўм атрофидаги қўшимча даромад олиш имконини бермоқда. Аҳоли хонадонлари учун қуёш панелларини ўрнатиш қулай, фойдали ва экологик тоза бўлгани боис, бу технологиялар келажакда энергия мустақиллигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






