Шофиркон: ветеринария бўлими участкалари моддий-техник имконияти яхшиланмоқда
2026-01-29 16:50:00 / Янгиликлар

Мазкур қарор асосида ажратилган 148,7 миллион сўм маблағ ҳисобидан айни йил бошида Шофиркон тумани ветеринария бўлими тасарруфидаги 12 та ветеринария участкаси ҳам замонавий техника ва зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ветеринария мутахассисларининг кундалик фаолиятида муҳим аҳамиятга эга бўлган музлатгичлар, термо сумкалар, дезинфекция воситалари ҳамда махсус иш кийимлари харид қилиниб, участкаларга етказилди.
Шунингдек, мазкур участкалардан 5 тасига мотоскутер ажратилиб, ветеринария ходимларининг ҳудудларда тезкор, самарали хизмат кўрсатиши учун қулай шарт-шароит яратилди. Бу транспорт воситаси чекка ҳудудлардаги чорвачилик хўжаликларига ўз вақтида етиб бориш, профилактик тадбир ва турли касалликлар олдини олиш ишларини самарали юритишга хизмат қилади. Муҳими, келгусида ҳам ветеринария хизматини ривожлантириш, моддий-техник базасини кучайтириш бўйича изчил ишлар давом эттирилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати


