Бухоро тумани: мингдан ортиқ хонадоннинг “зангори олов” таъминоти яхшиланмоқда
2026-01-29 12:00:00 / Янгиликлар
Бухоро туманида аҳолини табиий газ билан барқарор ва узлуксиз таъминлаш, мавжуд газ инфратузилмасини замон талаблари асосида янгилаш мақсадида кенг кўламли реконструкция, таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, "Дўстлик" маҳалласидан ўтувчи, шунингдек, Галаосиё, Дўстлик, Боғикалон, Саховат ва Қўшходим маҳаллаларини табиий газ билан таъминловчи, диаметри 219 миллиметр бўлган юқори босимли ер ости газ қувурининг қарийб 1 минг метр қисмида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур газ қувури мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи мингдан ортиқ хонадон учун муҳим аҳамиятга эга. Реконструкция ишлари якунлангач, газ босими барқарор етказилиб, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг “зангори олов”га бўлган талаби ва эҳтиёжи тўлиқ қондирилади. Шу билан бирга, эскирган қувурларни янгилаш орқали газ тармоқларининг техник мустаҳкамлиги оширилиб, рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатлар олди олинмоқда.
Амалга оширилаётган таъмирлаш ишлари йиллик газ йўқотишларини камайтириш, исрофгарчиликлар олдини олиш, табиий газни тежаш ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилади. Бу эса нафақат иқтисодий самарадорликни оширади, балки аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини ҳам сезиларли даражада яхшилайди.
Албатта, мазкур реконструкция ишлари механизациялашган тармоқ ишчи-мутахассислари томонидан сифатли якунлангач, туманда юқорида кўрсатилган маҳаллаларда яшовчи аҳоли учун барқарор ва узлуксиз газ таъминоти яхшиланади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









