Ғиждувон: “Тарханон” ва бошқа маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чоралари кўрилмоқда
2026-01-26 17:50:00 / Янгиликлар

Ушбу қарорга мувофиқ, танланган шаҳар ва туманлар ва улардаги алоҳида сараланган маҳаллалар аҳолининг яшаш шароити, инфратузилма, тадбиркорлик ва ижтимоий хизматлар даражаси жиҳатидан мамлакатнинг бошқа ҳудудлари учун намуна сифатида белгиланган.
Ғиждувон ва Шофиркон туманлари ҳам мазкур лойиҳа доирасида “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги” ҳудудлар сифатида қайд қилинган. Мазкур ҳудудларда аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий объектларни янгилаш ишлари амалга оширилади. Туманларда йўл ва муҳандислик тармоқлари янгиланади, янги турар жойлар ва хизмат кўрсатиш масканлари қурилади, аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилади. Ушбу мақсадлар учун умумий моддий қиймати 200 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Умуман, бу қарор орқали ҳар бир танланган ҳудудда аҳоли турмуш даражасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорлик муҳитини янада фаоллаштириш чора-тадбирлари кўрилади. Шу мақсадда Ғиждувон туманида 5 та “оғир” маҳалла танлаб олинган бўлиб, жумладан, Тарханон, Бештова, Ғовшун, Қумоқ ва Сармижон аҳоли масканлари ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантирилади.
Айни кунда туман ҳокимлиги, тегишли идоралар ҳамкорлигида мазкур маҳаллаларда ўрганишлар олиб борилиб, тегишли тавсия ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, ҳудуд инфратузилмаси яқиндан ўрганилиб, тадбиркорлик ташаббуслари, бизнес лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда. Албатта, бу орқали маҳаллаларда иш ўринларини кўпайтириш ва аҳолининг даромад манбаларини оширишга эътибор қаратилмоқда.
Тарханон маҳалласида яшовчи Зоҳиджон Тоҳиров оила аъзолари ҳам ўн йилдан буён паррандачилик билан шуғулланиб келади. Ҳозирда уй хўжалигида тухум етиштириш йўналишида 4 минг бош товуқ парвариш қилинмоқда. Бундан бир кунда 3 мингта атрофида тухум ҳосил қилиниб, шундан қўлга киритилаётган даромад салмоғи 4 миллион сўмдан оширилмоқда.
Худди шундай, Аслон Жамолов хонадонида ҳам уч йилдан буён парранда парваришлаб келинади. Шу кунда миришкорлар қўли остидаги товуқ сони 2500 бошга етказилган. Бу товуқлардан бир кунда 2 минг донагача тухум ҳосил қилиниб, оила меҳнаткашлари бундан 3 миллион сўмгача моддий манфаатдорликка эришмоқда. Асосийси, эндиликда ҳар бир аҳоли масканида шу каби тадбиркорлик лойиҳа ва ташаббусларни кенгайтириш, аҳоли моддий манфаатдорлигини ошириш мақсад қилинган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









