Когон шаҳар: "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси туфайли “Зирабод”даги мактаб ҳам ўз кутубхонасига эга бўлади
2026-01-24 15:55:00 / Янгиликлар

Когон шаҳрининг 10-сонли умумтаълим мактаби жамоаси ҳам 2025 йил иккинчи мавсуми давридаги овоз бериш натижаларига кўра ғолиб деб топилган. Бу ташаббус ва ҳамжиҳатлик туфайли умумий қиймати 1 миллиард сўмга тенг маблағ ҳисобидан таълим маскани учун талаб даражасидаги кутубхона қуриш таклифи рўёбга чиқадиган бўлди.
Шундан сўнг вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Yagona buyurtmachi xizmati” инжениринг компанияси буюртмаси асосида “Buxoro Nusrat servis” МЧЖ томонидан лойиҳалаштирилган бино қурилишини маҳаллий пудратчилардан Ш. Сафаров бошчилигидаги "Мухаммедов—Раджабов" МЧЖ ишчи-мутахассислари ўз зиммаларига олишган.
Айни кунда бу манзилда қурилиш ва таъмирлаш ишлари механизациялашган қурувчилар жамоаси томонидан олиб борилмоқда. Аҳамиятли жиҳати, бу ташаббус туфайли умумтаълим мактабида таҳсил олаётган зирабодлик 1347 нафар ўқувчи зарур бадиий китоблар фонди, шунингдек, керакли дарсликлардан фойдаланишлари учун янада қулай имкониятга эга бўлади.
Маълумот учун, мазкур таълим муассасаси биноси ўтган аср қирқинчи йилларида барпо қилинган бўлиб, ҳозирда таъмирталаб ҳолга келган. Яқин йилларда таълим даргоҳи ўқув биносини ҳам янгидан қуриб битказиб, баркамол авлодга қулай ва шинам шарт-шароит яратилса, мақсадга мувофиқдир. Айни кунда ўзбек ва рус тилларида сабоқ берилаётган мактабда таълим-тарбия ишлари икки навбатда олиб борилаётган бўлиб, унда 92 нафар педагог ўқитувчи ёшларга масъул сифатида бириктирилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






