Шофиркон: “Жўшура” ва бошқа маҳаллаларда электр энергияси тармоғи модернизация қилинмоқда
2026-01-20 12:40:00 / Янгиликлар

Мазкур мақсадда ҳозирда туман электр таъминоти корхонаси тасарруфида бўлган жами 680 дона трансформатор пункти ҳамда 0,4/10 кВт соат кучланишга эга, умумий узунлиги 1 354 километр бўлган электр узатиш тармоқлари орқали бу эҳтиёж бартараф этиб келинмоқда. Бу муҳандислик коммуникация тармоғи ортидан аҳоли ва истеъмолчиларга электр энергиясини барқарор етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.
Тармоқда электр энергияси таъминоти тизимини янада яхшилаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий йил учун аниқ режа-дастурлар ишлаб чиқилган. Унга кўра, ҳудуддаги 223 дона трансформатор пункти ҳамда 398 километрдан иборат 0,4/10 кВт соат кучланишли электр узатиш тармоқларида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган. Шунингдек, 85 дона трансформатор пункти ва 285 километр узунликдаги электр узатиш тармоғида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктларини янги қуриш ҳамда модернизация қилиш бўйича манзилли рўйхат асосида 11 дона янги трансформатор пункти, 34 километр масофада электр узатиш тармоғи қурилиши ҳамда 526 дона янги таянч устун ўрнатилиши тақозо этилмоқда. Бу ишлар электр тармоқларининг мустаҳкамлигини ошириб, узилишларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Бу борада бошланган амалий ишлар доирасида жумладан, “Жўшура” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Саврак қишлоғида ҳам муҳим чора-тадбир кўрилмоқда. Хусусан, аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида эскирган симёғоч таянчлар ўрнига 14 дона замонавий темир-бетон таянч устуни ўрнатилгани маҳаллий аҳолини мамнун қилди.
Умуман, чекка туманда олиб борилаётган мазкур саъй-ҳаракат қишки мавсумда электр энергияси таъминотида кузатилаётган узилиш ва нуқсонларни бартараф этиш, аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини яхшилаш, инфратузилмани модернизация қилиш, аҳолига зарур шарт-шароитни яратишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









