Вобкент: қишда қор бағрида... "Латифсобунгар"да қулупнай қут-баракаси...
2026-01-17 15:35:00 / Янгиликлар
Қишлоқ аҳли экин ери, томорқасидан унумли фойдаланишни ўрганаётгани, янги ниҳол ва тажрибалар ўзлаштирилаётгани қандай яхши?! Ён-атрофимизда имкониятга эга айрим оилалар 6-10 сотихли томорқасидан миллион-миллион сўм даромад топиб, рўзғори эҳтиёжларини қоплаб, ҳеч нарсага зориқмай турмуш кечиришаётгани ҳеч кимга сир эмас. Томорқа ва ерлардан унумли фойдаланишда иссиқхоналарнинг алоҳида ўрни бор.

Вобкент тумани "Латифсобунгар" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мухтор Шодиев ва унинг оила аъзолари ҳам ҳалол меҳнатлари билан бошқаларга ибрат бўлишмоқда. Хонадонидаги томорқа ерининг 5 сотих қисмида иссиқхона барпо қилган хонадон меҳнаткашлари томчилатиб суғориш технологияси асосида иссиқхонани жиҳозлаб, унда гидропоника усулида қулупнай етиштириш тажрибасини ўзлаштиришган.
— Бунинг учун Корея технологияси асосида тупроқ ўрнида—кокос қипиғини пойтахтдаги ҳамкасблардан буюртма асосида харид қилиб, жўяк ўрнида қаторларга резина шлангларни тортиб, ҳосил қилинган экин майдонига 10 минг туп қулупнай ниҳолини ўтқазиб парваришни бошлаганмиз, — дейди томорқачи Мухтор Шодиев. — Гидропоника усулидаги фаолиятимизни бошлашга 200 миллион сўм атрофида маблағ сарфлаган бўлсак, эндиликда бу сармояни бир мавсумда бемалол, шу қулупнай ҳосилидан бартараф этиш имконига ҳам эгамиз. Бунинг учун агротехник парваришни тўғри олиб бориб, ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олсак, бас.
Даромадга келсак, миришкор оила бир ойлик теримда бир неча марта ҳосили териб олинадиган ҳар бир қулупнай тупидан 400 грамгача қулупнай меваси олса, буни сотишдан қўлга киритиладиган фойдаси сарф-харажатини бемалол қоплайди.
Умуман, куз-қиш мавсумида иссиқхона хўжаликларига осон тутиб бўлмайди. Негаки, плёнка остидаги ҳароратни талаб даражасида, меъёрида сақлаш тақозо қилинади. Қолаверса, деҳқончиликдан барака топиш учун навни тўғри танлаш, уруғ ёки кўчат жойлаштириладиган тупроқ таркиби, унумдорлиги, экилган ҳудуд иқлим шароити, суғориладиган сувга эътибор қаратиш шарт.
Тадбиркор иссиқхоначи эрта баҳор ойида экиш учун қулупнай кўчатлари етиштириб сотади. Етиштирилган кўчатларнинг бир қисми парвариш учун олиб қолинади. Куз-қиш мавсумида пишиб етилган сархил, янги қулупнай туман деҳқон бозорида, савдо мажмуаларида сотилади. Бу ишнинг ортидан нафақат тадбиркорнинг ўзи, балки маҳалладошлари ҳам баракали даромад топмоқда. Йил якунигача эса иссиқхона хўжалигидаги қулупнайдан 3 тоннадан ошириб ҳосил олиш мақсад қилинмоқда.
Қулупнай парваришига Мухтор Шодиевнинг оила аъзоларидан ташқари маҳалладаги ишсизлар ҳам жалб этилган. Баҳор, ёз мавсумида 7 кишигача, қиш мавсумида эса 3 нафар ишчи кучидан фойдаланилмоқда. Албатта, улар меҳнатига яраша ҳақ олишмоқда.
Қайд этиш жоиз, жорий йил бошидан Латифсобунгар маҳалласида томорқа ишига қизиқадиган 12 нафар ташаббускор фуқарога ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида 33 миллион сўмгача бўлган имтиёзли тартибдаги кредит маблағи ажратилиб, жами 25 сотих ер майдонида ихчам иссиқхоналар барпо этилган. Айни кунда уларда сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилиб, аҳоли дастурхонига етказилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








