Олот: Турсунтош момо иссиқхонадан тўрт фаслда ҳам барака топаётган миришкорлардан
2026-01-16 18:50:00 / Янгиликлар

Худди шундай, 570 гектарда 4 минг тоннадан ортиқ картошка, шунингдек, 502 гектарда 8 минг тонна атрофида помидор, 171 гектарда 3 минг 158 тонна сабзи, 580 гектарда 11 минг тонна атрофида пиёз, қолаверса, 700 гектардан ортиқ ерда 30 минг тоннага яқин қовун-тарвуз ва ошқовоқ етиштириш ҳаракати ҳар йили деҳқончилик мавсумида жадал тус олади.
Қишда ер тайёрлаб, эрта баҳор мавсумидан эса туманда биргина деҳқон хўжаликларининг 170 гектарида картошка, умумий ҳисобда 833 гектар майдонда пиёз, булғор қалампири, помидор, бодринг, карам, бақлажон ва бошқа сабзавот маҳсулотлари экиб парваришлаш ишлари ҳам қизғин бошланади. Зеро, томорқа—бандлик, тўкинлик ва арзончиликни таъминлашнинг самарали йўли, дастурхон тўкинлиги манбаи ҳамдир.
Иссиқхонадан тўрт фасл давомида юқори даромад олишни мақсад қилган, ернинг қадрига етиб, ҳалол меҳнати билан ҳам ўз оиласига, ҳам эл-юрт дастурхонига тўкинлик олиб келаётган миришкорлар сафи туманда ҳам кенгаймоқда. Биргина “Бўрибек Чандир” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи намунали томорқачилардан Дурдимурод Шеров, Норқул Ҳамроев, Холмурод ҳамда Тошпўлат Аллоқовлар хонадонларида ҳар мавсумда серҳосил сабзавот-полиз маҳсулотлари, шунингдек, лимон, апелсин, мандарин каби тропик цитрус мевалар етиштирилаётганини кўриш мумкин. Маҳаллада меҳнатсевар томорқа эгаларидан яна бири Турсунтош момо Остоновадир.
Айни пайтда нафақа гаштини сураётганига қарамай, Турсунтош момо фарзандлари, неваралари билан биргаликда томорқа ерини қаровсиз қолдирмай, унумли фойдаланиб келмоқда. Йилига икки-уч маротаба ҳосил олишга эришиб, аввало, ўз рўзғорини бут қилмоқда.
2023 йилда “Осиё тараққиёт банки” лойиҳаси асосида амалга оширилган “Иқлим ўзгаришларига мослашиш” дастури доирасида ҳудуддаги ўттиздан ортиқ хўжаликлар қатори Турсунтош момо ҳам 1 сотихли ихчам иссиқхонага эга бўлди. Бу имконият унинг меҳнатини янада самарали бўлишида хизмат қилмоқда.
Аниқроғи, иссиқхонада алмашлаб экиш усули асосида булғор қалампири, помидор ва бодринг етиштирилмоқда. Айни вақтда 800 туп помидор кўчати ҳосил бериш арафасида бўлиб, ҳар бир тупдан ўртача 5 килограмгача ҳосил олиш кўзланмоқда. Бундан ташқари, иссиқхонада лимон ҳам парваришланиб, ундан баракали ҳосил йиғиб олинмоқда.
Миришкор хонадон бекаси момо учун экин еридан самарали фойдаланиш, аввало рўзғор кам-кўстини қоплаш ҳар кунлик мақсад. Меҳнаткаш, ташаббускор томорқачилар тажрибаси эса қишлоқда турмуш сифатини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва дастурхон мўл-кўллигини таъминлашда катта аҳамиятга эга, албатта.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








