Когон шаҳри: ички ишлар бўлими биноси мукаммал таъмирланмоқда
2026-01-14 20:50:00 / Янгиликлар
Икки ойдирки, Когон шаҳрида ҳам замонавий андозадаги ички ишлар бўлими биносини мукаммал таъмирлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бинони замон талаблари асосида қуриш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига умумий қиймати 2 миллиард 292 миллион сўмга яқин маблағ ажратилган.

Мазкур иншоотни қайта кўркам қиёфага келтириш ишларини пудратчи “Sayyot invest loyiha” МЧЖ бинокорлари ўз зиммаларига олишган. Айни кунда пудратчи жамоа ишчи-мутахассислари томонидан уч қаватли ички ишлар бўлими биноси эшик-деразалар ромларини алмаштириш, полини янгилаш, фасад қисмини пардозлаш каби ишлар бажарилмоқда. Таъмирлаш ишлари доирасида бинонинг ички ва ташқи қисми тўлиқ янгиланмоқда.
Хусусан, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, электр таъминоти, иситиш ва совитиш тизимлари замонавий талабларга мос равишда қайта шай қилинмоқда. Шунингдек, хоналар дизайни янгиланиб, иш жараёни самарадорлигини оширувчи қулай иш шароитлари яратилмоқда.
Янгича дизайн асосида мукаммал таъмирланаётган ва аҳолига хизмат кўрсатиш учун барча қулайликларга эга бинода навбатчиликни ўташ учун хона, бошқарув пункти, архив, жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш учун махсус жой, чақирилувчилар ва ҳисобда турувчилар ҳақида электрон маълумотлар базасини юритиш хонаси ҳамда хизмат хоналари мебель, қиш-ёз тизимида ишлайдиган совутиш тизимлари, компьютер жамланмалари ва бошқа зарур буюмлар билан тўлиқ жиҳозланади.
Ушбу масканда таъмирлаш ишлари деярли якунланиб, пардозлаш юмушлари бормоқда. Ҳадемай, ички ишлар бўлими биноси фойдаланишга топширилади. Бунда шахсий таркибнинг қирққа яқин ходими барча шарт-шароит, қулайликларга эга бинода фаолият юритиши таъминланади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









