Бухоро шаҳрида янги дзюдо спорт зали фойдаланишга топширилди
2026-01-14 16:25:00 / Янгиликлар

Ана шундай ташаббуслар доирасида Бухоро шаҳар 2-сон спорт мактаби ҳудудида барпо этилган замонавий дзюдо спорт залининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва спортчи ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими йиғилганларни янги иншоот очилиши билан қутлади.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантириш, ёш иқтидорли спортчиларни кашф этиш, уларнинг муносиб машғулотлар ўташлари учун замонавий спорт иншоотлари барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Спорт мактаби ўқувчилари, қолаверса, маҳалла ёшларига спорт билан мунтазам шуғулланиш имкониятини тақдим этаётган янги спорт иншооти 1 миллиард 850 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилиб, ёшларимиз учун барча замонавий талаблар ҳамда халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган шароитлар билан таъминланди.
12х30 метр ўлчамдаги замонавий залда 2 та татами гилами, ўғил болалар ва қизлар учун алоҳида кийиниш хоналари, мураббийлар хонаси ва дзюдо спорт клубининг офиси жойлашган. Залда кунига 200 нафаргача спортчи шуғулланиши мумкин.
Эндиликда маҳалла ёшлари дзюдо спорт тури билан шуғулланиши учун узоқ масофа босиб юришлари шарт эмас. Бу ўз навбатида ота-оналар учун ҳам қулай.
Меҳмонлар спорт залида яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда спорт мактабида 71 нафар малакали тренер фаолият юритиб, улар қўл остида жами 2 159 нафар спортчи, жумладан, 436 нафар қизлар мунтазам машғулот олиб бормоқда.
Мактабда 27 та спорт тури бўйича машғулотлар йўлга қўйилган. Спортчиларнинг меҳнати ва фидойилиги юқори натижалар билан ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, 2025 йил давомида спорт мактаби тарбияланувчилари томонидан жами 520 та медал қўлга киритилди. Шунингдек, 178 нафар спортчи спорт разрядларига эга бўлди, 6 нафар спортчи эса фахрли спорт унвонларини қўлга киритди. Бундан ташқари, спорт мактабининг иқтидорли спортчилари “Олимпия чўққилари” мусобақасининг республика босқичида муносиб иштирок этиб, Бухоро спорт мактабининг салоҳиятини яна бир бор намоён этди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









