Ғиждувон: патронаж ҳамшираларга планшетлар топширилди
2026-01-13 11:35:00 / Янгиликлар

Бу борада замонавий ахборот технологияларини амалиётга жорий этиш, тиббий хизматларнинг шаффофлиги, тезкорлиги ва самарадорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай янгиланишлар доирасида Ғиждувон туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги муассасаларда фаолият юритаётган патронаж ҳамшираларга вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан кўп функцияли планшетлар топширилди. Бу ташаббус туман миқёсида тиббий хизматларни рақамлаштириш йўлидаги муҳим ва амалий қадам ҳисобланади.
Мазкур планшетлар орқали ҳар бир фуқаронинг шахсий тиббий картаси электрон шаклда, онлайн тарзда юритилади, тиббий маълумотлар бевосита патронаж ҳамшира томонидан ягона ахборот тизимига киритилади. Бу эса аҳоли саломатлиги бўйича маълумотларни тезкор, аниқ ва ишончли шакллантириш имконини беради.
Энг муҳими, бу янгилик вилоятда энг кўп аҳолисига эга туманда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматларнинг сифати ва тезкорлигини янада ошириш, касалликларнинг барвақт олдини олиш, ҳар бир хонадон саломатлигини доимий назоратга олиб бориш имкониятларини кенгайтиради.
Бир сўз билан айтганда, “рақамли тиббиёт” сари ислоҳотлар бугун Ғиждувон туманида ҳам ўз самаралари, амалий натижаларини бера бошлади. Бу эса аҳоли саломатлигини таъминлаш йўлидаги ислоҳотлар изчил ва қатъият билан давом этаётгани яққол далилидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






