Бухоро тумани Мудофаа ишлари бўлими биноси мукаммал таъмирланмоқда
2026-01-10 18:40:00 / Янгиликлар

Икки ойдирки, Бухоро туманида ҳам замонавий андозадаги мудофаа ишлари бўлими биносини мукаммал таъмирлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бинони замон талаблари асосида қуриш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига умумий қиймати 2 миллиард 300 миллион сўмга яқин маблағ ажратилган. Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати инжениринг компанияси” давлат унитар корхонаси буюртмачилигидаги мазкур иншоот мукаммал таъмирлаш ишларини пудратчи “Sardor bunyodkor plyus” МЧЖ бинокорлари ўз зиммаларига олишган.
Айни кунда пудратчи жамоа ишчи-мутахассислари томонидан икки қаватли мудофаа бўлими ва унинг чақирув пункти бинолари эшик-деразаларини пластик ромларга алмаштириш, поли ва шифтини янгилаш, фасад қисмини пардозлаш каби ишлар бажарилмоқда. Таъмирлаш ишлари доирасида бинонинг ички ва ташқи қисми тўлиқ янгиланмоқда. Хусусан, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, электр таъминоти, иситиш ва совитиш тизимлари замонавий талабларга мос равишда қайта кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, хоналар дизайни янгиланиб, иш жараёни самарадорлигини оширувчи қулай иш шароитлари яратилмоқда.
Янгича дизайн асосида мукаммал таъмирланаётган ва аҳолига хизмат кўрсатиш учун барча қулайликларга эга бинода навбатчиликни ўташ учун хона, бошқарув пункти, архив, жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш учун махсус жой, чақирилувчилар ва ҳисобда турувчилар ҳақида электрон маълумотлар базасини юритиш хонаси ҳамда хизмат хоналари мебель, қиш-ёз тизимида ишлайдиган совутиш тизимлари, компьютер жамланмалари ва бошқа зарур буюмлар билан тўлиқ жиҳозланади.
Мамлакатимиз миллий армиясининг жанговар қудрати, салоҳияти, буюк аждодларимизнинг жасоратидан сўзловчи кўргазмали воситалар билан безатиладиган бинонинг ички деворлари бу ерга келадиган ёшлар Қуролли Кучларимиз ҳақида кенгроқ билим ва маълумотларга эга бўлишини таъминлайди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









