Олот: Рўзиевлар оиласи меҳнаткашлари иссиқхонасидан 120 миллион сўм даромад олмоқда
2026-01-09 20:00:00 / Янгиликлар

Илҳом Рўзиев ўз томорқасининг 8 сотих қисмида барпо этилган иссиқхонада йил давомида турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб, мўл ҳосил олаётир. У эрта баҳордан картошка, помидор, пиёз, бодринг, булғор қалампири, бақлажон каби сабзавотлар билан бир қаторда лимон, апельсин ва мандарин каби цитрус меваларни ҳам парваришлаб келмоқда.
— Томорқа меҳнати бизга ёшлигимиздан, ота-онамизнинг тарбияси билан сингган, десак муболаға эмас. Ерга меҳр берсанг, у албатта мўл ҳосил, қут-баракасини қайтаради,—дейди Илҳом Рўзиев.—Маҳалламизда кўпчилик иссиқхона билан шуғулланаётгани бизни ҳам тўхтаб қолмасдан, қишда ҳам меҳнат қилиб, сара маҳсулот етиштиришга ундайди.
Бугунга келиб иссиқхонада 70 туп лимон ва 30 туп мандарин ва апельсин бутаси парваришланмоқда. Шунингдек, иссиқхонани 4 сотих қисмида помидорнинг “Агра” навига мансуб 1200 туп кўчат экилган бўлиб, шу кунларда қизариб пишмоқда, ҳадемай, 3 тоннага яқин помидор ҳосилини саранжомлаб олиш кўзда тутилган.
Цитрус мевалардан эса ҳозиргача 1 тоннадан ортиқ ҳосил олиниб, бозор расталарига етказилган. Ўртача 25 минг сўмдан сотилган бу маҳсулот эвазига 25 миллион сўмдан ортиқ даромад қўлга киритилган. Бундан ташқари, иссиқхона майдонидан унумли фойдаланиб, қатор орасида оила дастурхони учун зарур сархил кўкатлар етиштирилаётгани ҳам эътиборга лойиқ.
— Ўтган йили томорқамиздан 100 миллион сўмга етказиб фойда олдик. Меҳнатимиз самараси—даромадни рўзғоримизни бутлашга, орзу-ҳавасимизга сарфлаяпмиз,— дейди “Намунали томорқачи” кўкрак нишони соҳиби Илҳом Рўзиев.— Томорқа ва ундаги иссиқхона биз учун нафақат даромад, балки кундалик турмушимиз мазмунига айланган.
Экишдан аввал ерни пухта тайёрлаш, маҳаллий ўғитлардан фойдаланиш, уруғни синчиклаб танлашга алоҳида эътибор берилади. Цитрус буталари оралиғида эса картошка етиштирилиб, ер майдонидан мақсадли фойдаланилмоқда. Илҳом Рўзиевнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, томорқадан оқилона фойдаланиш, меҳнат ва сабр-тоқат инсонни фаровон ҳаёт сари етаклайди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









