Олот: ҳудудда жами 15 минг гектар экин ерида ”шўр ювиш” агротехник тадбири бормоқда
2025-12-30 20:15:00 / Янгиликлар

Шу кунларда олис ҳудудда қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 200 дан ортиқ фермер хўжалиги ва улар тасарруфидаги экин ерида қишки мавсум кечиктириб бўлмас агротехник тадбирларига эътибор кучайтирилган. Бу жараён айниқса, буюртмачи ва қайта ишловчи “Parvoz Xumo Ravnaq trans” ва “Merganteks” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги пахта-тўқимачилик кластерлари билан ҳамкорликда 7 минг 600 гектардан ошиқ ерда жадал ташкиллаштирилган.
Маҳаллий деҳқон миришкорлар жорий йил ҳосили учун ер тайёрлаш, кеч куздан бошлаб ҳар бир контурни белгиланган талаб даражасида чуқур ҳайдаб, ҳар гектар ҳисобида 4-5 тоннадан маҳаллий ўғит киритиб, экин майдонлари “шўрини ювиш” агротехник тадбирларига жадал киришганлар.
"Денов" ҳудудидаги "Olot kotton klaster" МЧЖ тасарруфидаги далаларда шўр ювиш тадбирларига бағишланган амалий семинар ташкил этилди. Семинарда туман ҳокимлиги, қишлоқ хўжалиги сектори масъуллари, фермерлар ҳамда мутахассислар иштирок этдилар. Кўргазмали тадбирда қатнашган қишлоқ хўжалиги масъуллари, таъминотчи ва фермерларга зарур тавсия ва топшириқлар берилди.
Айниқса, сув тақчиллиги йил сайин ошиб бораётган шароитда экин ерлари “шўрини ювиш” тадбирларига алоҳида эътибор қаратиш, фермер хўжаликларига ажратилаётган сув миқдори—лимит ҳисобига бу тадбирни сифатли ўтказишнинг барча чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди. Шудгор қилинган далаларни бостириб суғоришдан олдин лазерли ускуна ёрдамида текислаш, сувдан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, экин майдони ўлчамлари ва чилла сувига қондириш тартиби ҳақида батафсил маълумот ва таҳлиллар келтирилди. Таъкидланганидек, “шўр ювиш” ишларини белгиланган муддат ва меъёрлар асосида амалга ошириш келгусида юқори ҳосил олишнинг энг муҳим омилларидан биридир.
Шунингдек, сўнгги йилларда олис ҳудудда 140 километрдан зиёд хўжаликлараро ўтган ариқ ўзани бетонлаштирилгани бу борадаги ишларни енгиллаштирмоқда. Ҳозирда ариқ ва каналларда таъмирлаш ва бетонлаштириш ишлари манзилли давом эттирилмоқда. Бу эса сув йўқотишининг олдини олиб, олис далаларгача сувнинг бир маромда етиб боришини таъминлаб, “шўр ювиш” ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Баъзи маълумотларга назар солсак, айни кунда туманда 2 минг гектар майдонда “шўр ювиш” ишлари бажарилган. Умуман, жорий мавсумда фермер хўжаликлари, аҳоли томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликлари экин майдони билан қўшганда, жами 15 минг гектар ер майдонида “шўр ювиш” агротехник тадбирлари амалга оширилмоқда. Асосийси, “шўр ювиш” тадбирларининг пировард натижаси ер унумдорлигини тиклаш ва сифатли, баракали ҳосил етиштиришдан иборат.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








