Олот: “Ёш Ботир” маҳалласида “Чорбоғ” оилавий шифокорлик пункти қайта фаолият бошлади
2025-12-29 20:50:00 / Янгиликлар
Янги йил байрами арафасида “Ёш Ботир” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун ҳам қувончли воқеа рўй берди. Эндиликда маҳалла аҳолиси янгиланган “Чорбоғ” оилавий шифокорлик пунктида замонавий ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар.

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳамда тумани ҳокими Наргиза Неъматова бошчилигида ҳудудлардаги долзарб масалаларни жойида ўрганиш жараёнида маҳалла аҳолиси томонидан ушбу шифокорлик пунктини таъмирлаш ва фаолиятини тиклаш тўғрисидаги мурожаат билдирилганди. Орадан кўп ўтмай, мазкур мурожаат амалда ўз ечимини топиб, “Чорбоғ” оилавий шифокорлик пунктида жорий таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
Ўтган аср етмишинчи йилларида барпо қилинган ва кейинги пайтда яроқсиз ҳолга келган мазкур бино бугунги кун талабларига мос тарзда тўлиқ янгиланди. Таъмирлаш ишлари учун вилоят ҳокимлиги томонидан 464 миллион сўм маблағ сарфланди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари “Сардор бунёдкор плюс” МЧЖ томонидан сифатли ва белгиланган муддатда амалга оширилди.
Куни кеча мазкур янгиланган оилавий шифокорлик пунктини фойдаланишга топшириш тадбирида туман ҳокими Наргиза Неъматова, жамоатчилик вакиллари, тиббиёт ходимлари ва маҳалла фаоллари иштирок этдилар. Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими маҳалла аҳолиси учун яратилаётган қулай шарт-шароит, тиббий хизмат сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, бундай лойиҳалар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Мазкур тиббиёт маскани бир кунда 75 нафар беморга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Бу эса нафақат Ёш Ботир маҳалласи, балки атрофдаги қишлоқлар аҳолиси учун ҳам фойдадан холи эмас. Ўз навбатида, маҳалла фаоллари кўрсатилаётган эътибор, тезкор ва амалий ёндашувдан мамнун эканликларини билдириб, масъулларга ўз миннатдорликларини изҳор этдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








