Шофиркон: “Паттахон”даги 35-сонли мактаб замонавий спорт залига эга бўлди
2025-12-29 16:25:00 / Янгиликлар

Замон талаблари асосида мукаммал таъмирланган мактаб фасадидан тортиб, ички, коммунал ва иссиқлик тизимларигача барча жиҳатлари билан замонавий қурилиш стандартларига жавоб беради. Бу ўз навбатида ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун барча шароитларни яратишга хизмат қилади.
Замонавий қиёфага эга бўлган ва айни кунда 420 ўқувчи ўрнига эга мазкур таълим маскани шу кунга қадар талаб даражасидаги спорт залига эга эмасди. Маҳалла аҳолиси, педагог ўқитувчилар ва спортсевар ёшлар талаб-истакларига мувофиқ, стандарт талабига жавоб берадиган спорт зали қуриб берилгани айни шу кунларда, янги йил байрами олдидан паттахонликлар учун муносиб байрам совғаси бўлди.
Таълим муассасасида замонавий андозадаги спорт зали очилишида туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, педагог ўқитувчилар ва улар шогирдлари ҳозир бўлдилар. Тадбирда таъкидланганидек, бу спорт зали ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда иқтидорли спортчиларни “кашф этиш”да муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур спорт иншооти халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг 2025 йил 24 февралдаги қарори асосида маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, республика бюджетидан ажратилган ссуда ҳамда мақсадли жамғармалар маблағлари ҳисобидан барпо этилди. Спорт зали лойиҳасининг умумий қиймати 1 миллиард 90 миллион сўмни ташкил этиб, қурилиш ишлари “Fast quality building” МЧЖ томонидан амалга оширилди.
Иншоот рамзий алвон лентаси қирқилгач, тадбирда йиғилганлар мазкур спорт залидаги имкониятлар, бунда спорт тўгараклари ва ёш спортсеварлар учун яратилган имконият билан яқиндан танишдилар. Умуман, лойиҳа таълим муассасаларида инфратузилмани яхшилаш, ўқувчилар учун қулай ва замонавий имконият яратишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









