Олот: “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида ОИВ — туманлараро тиббий лабораторияси иш бошлади
2025-12-29 15:35:00 / Янгиликлар
Айни кунда дунё миқёсида соғлиқни сақлаш тизими олдида турган долзарб вазифалардан бири орттирилган иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) инфекциясининг олдини олиш ва уни эрта аниқлашдан иборатдир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда дунё бўйича қарийб 40 миллион киши ушбу инфекция билан яшамоқда. Ҳар йили касалликка чалинаётганлар сонининг ўртача 1,5 миллион нафарга ортиб бораётгани муаммонинг нақадар ҳаёт-мамот масаласи эканини кўрсатади.

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфли касалликларнинг олдини олиш борасида Олот туманида ҳам муҳим амалий қадам қўйилди. Хусусан, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида туманда талаб даражасидаги Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми тиббий лабораторияси барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур лойиҳа жамоатчилик томонидан фаол қўллаб-қувватланиб, танловда ғолиб деб топилди ҳамда уни амалга ошириш учун 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Бухоро вилояти “OITS” га қарши курашиш марказининг Олот туманлараро “OIV” диагностика лабораторияси биноси туман марказида, тиббиёт бирлашмасида барпо қилинган бўлиб, олотликлар билан бир қаторда, қўшни ҳудудлар аҳолиси ва меҳмонларга ҳам сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради. Бу тиббиёт маскани вилоятда ўз йўналиши бўйича дастлабкиларидан бири ҳисобланиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва лаборатория жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган.
Янги йил байрами арафасида тиббий лабораторияни фойдаланишга топширилиши муносабати билан туман ҳокимлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари ҳозир бўлдилар. Сўзга чиққанлар ушбу лойиҳа аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш ҳамда касаллик тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Замонавий лаборатория фаолияти ОИВ инфекциясини эрта босқичда аниқлаш, беморларни ўз вақтида тиббий назоратга олиш ҳамда касалликнинг кенг тарқалишининг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида пудратчи “Gidro Civil Engineering” МЧЖ томонидан амалга оширилган ишлар, бунда тиббиёт бирлашмаси жамоасининг овоз беришдаги ҳамжиҳатлиги қайд этилди. Лойиҳада икки карра ғолиблик натижасида ажратилган 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ тиббиёт бирлашмаси биносининг фасад қисмини мукаммал реконструкция қилиш ва ички йўлларни капитал таъмирлашга йўналтирилди.
Олис туманда тиббиёт тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида вилоят ва туман ҳокимлиги амалий кўмагида умумий қиймати 2 миллиард 200 миллион сўмга тенг замонавий тиббий асбоб-ускуналар шифохонага олиб келинмоқда. Бу эса шифокорлар фаолиятини енгиллаштириб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









