Хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш – барқарор жамият тараққиётининг устувор йўналиши
2025-12-27 14:30:00 / Янгиликлар
Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва фаоллигини ошириш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилангани алоҳида аҳамиятга эга. Муҳтарам президентимиз Ш.М.Мирзиёев Мурожаатномаларида ҳам хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб этиш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани бу йўналишдаги ислоҳотлар изчил ва тизимли тус олаётганини кўрсатади.

Айниқса, маҳаллада хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги имкониятларини кенгайтириш орқали оилалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар жамият барқарорлиги учун муҳим омил ҳисобланади. Чунки хотин-қизлар ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этган жамиятда соғлом оила муҳити шаклланади, ёш авлод тарбияси мустаҳкамланади ва инсон капитали сифати ошади.
Мурожаатномада хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун молиявий ресурсларни кенгайтириш, кредит ва субсидиялар ажратиш, маҳаллаларда улар учун янги иш ўринлари яратиш вазифалари белгилаб берилгани хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса камбағалликни қисқартириш, ижтимоий тенгликни таъминлаш ва барқарор тараққиётга эришишда муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, хотин-қизларга қаратилган ислоҳотлар фақатгина бир ижтимоий гуруҳ манфаатини эмас, балки бутун жамият тараққиётини таъминлашга қаратилган стратегик йўналиш ҳисобланади. Шу маънода, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим, меҳнат ва тадбиркорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги энг муҳим устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.
Ҳафиза Артикова,
вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи
Ҳафиза Артикова,
вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи
