Когон шаҳри: “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бормоқда
2025-12-26 17:20:00 / Янгиликлар

Хусусан, “Бухорои Шариф” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган 3-сонли умумтаълим мактабида моддий қиймати 1,5 миллиард сўм маблағ эвазига мактабнинг фасад қисми мукаммал таъмирланмоқда. Бунда пудратчи сифатида "Пешкў бунёдкори қурилиш монтаж" МЧЖ ишчи-мутахассислари масъулиятни ўз зиммаларига олишган.
Шунингдек, ҳудуддаги 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида йўлакларини асфальтлаштириш, боғча атрофини ўраб турган панжараларни янгилаш, ёзги ўйингоҳларни қуришга 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, бу ишда "Осиё кўхинур" МЧЖ жамоаси жонбозлик кўрсатмоқда.
“Махтумқули” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган 5-сонли умумтаълим мактабида 500 миллион сўм маблағ ажратилиб, санитария-ҳожатхона тармоғини қайта қуриш ишлари бошланган. Бу жараёнда ҳам "Пешкў бунёдкори қурилиш монтаж" корхонаси яқин кўмакчи ва пудратчи ҳисобланади.
Бундан ташқари, “Зиробод” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси, ота-оналар ва улар спортсевар фарзандлари талаб ва мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳудуддаги 6-сонли умумтаълим мактабида усти ёпиқ футбол майдонини қуриш лойиҳаси рўёбга чиқарилмоқда. Бу иш "Шофиркон ремстрой комплект" МЧЖ бинокорлари зиммасига тушган.
Айни кунда юқоридаги манзиллар ва таълим масканларида ўнлаб ишчи кучи билан қурилиш-таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. Шаҳар ҳокимлиги, матасадди ташкилотлар томонидан эса ҳудудда бораётган қурилиш-таъмирлаш ишлари кундалик назоратга олиниб, қурувчилар дуч келиши мумкин бўлган жиҳатлар, қурилиш материаллари таъминоти, иш сифати ва суръати, меҳнат хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Асосий эътибор бу иншоот ва инфратузилма тармоқлари фарзандларимизга узоқ йиллар хизмат қилишини таъминлаш зарурлигига қаратилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









