Бухоро тумани: “AKSA ENERGY BUKHARA”—энергетика тизими муҳим бўғинига айланмоқда
2025-12-26 11:00:00 / Янгиликлар

Умумий қуввати 270 мегаваттни ташкил этувчи иссиқлик электр станцияси йилига 2,2 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Ушбу кўрсаткич Бухоро вилояти аҳолисининг қарийб 70 фоиз электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплашга хизмат қилмоқда. Натижада ҳудудда электр таъминоти барқарорлиги ошиб, узилишлар камаймоқда. Саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг узлуксиз фаолияти учун мустаҳкам замин яратилмоқда.
Туркиянинг “AKSA ENERGY” компанияси томонидан қурилган мазкур газ-поршенли иссиқлик электр станцияси фаолияти вилоят ва туман ҳокимлиги кундалик ўрганишлари ва назорати остида. Бу станциянинг технологик жараёни, ишлаб чиқариш қуввати, хавфсизлик ва экологик талаблар асосида фаолият юритиши стандарт талабларига мос.
Ҳудуди 6 гектар майдонни эгаллаган ва 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобидан амалга оширилган лойиҳа вилоятнинг нафақат энергетика барқарорлигини таъминлашга, балки ҳудуд иқтисодий-ижтимоий ривожланишига сезиларли ҳисса қўшмоқда. Хусусан, янги иш ўринлари яратилгани, замонавий технологиялар жорий этилгани маҳаллий инфратузилмани ривожлантириш имконини бермоқда.
Шу билан бирга, мазкур лойиҳа мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай инвестицион муҳитнинг амалий воситаси ҳамдир. Энергетика соҳасидаги бундай йирик ва замонавий лойиҳалар келгусида иқтисодий ўсиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим омил ҳамдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









