Шофиркон: юқори технологик бўйрак операцияси муваффақиятли бажарилди
2025-12-26 08:55:00 / Янгиликлар

Малакали мутахассислар концилиумидан сўнг беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти, яъни, ўнг бўйрак юқори қутби кистасини лапароскопик усулда олиб ташлаш жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди. Аҳамиятли жиҳати, мазкур турдаги мураккаб тиббий операциялар яқин-яқингача асосан республика Урология маркази ва унинг филиалларида амалга оширилган бўлса, эндиликда вилоятимиз чекка ҳудудларида, жумладан, Шофиркон тумани тиббиёт бирлашмасида ҳам йўлга қўйилди.
Олдин бу турдаги тиббий операциялар катта кесмалар орқали бажарилган бўлса, ҳозирда замонавий кам инвазив (лапароскопик) усул қўлланилмоқда. Мазкур усулнинг устунлиги шундаки, беморнинг соғайиш жараёни анча тез кечади, оғриқ синдроми кам бўлади ҳамда жарроҳлик амалиётидан кейин 3 кун ичида бемор саломатлиги анча тикланиб, уйига кузатиб қўйилади ва қисқа муддатда меҳнат фаолиятини тиклаш имконига эга бўлади.
Чекка туманда юқори технологик жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилганида маҳаллий врач мутахассислардан Беҳзод Рофиевнинг шу мутахассислик бўйича хорижда, Туркиянинг Анқара шаҳридаги нуфузли клиникаларда малака ошириб қайтгани жуда қўл келди. Айни пайтда у малакали уролог-жарроҳ сифатида беморлар саломатлигини тиклашда ўз билим ва касб маҳоратини аямасдан меҳнат қилмоқда. Муҳими, чекка туманда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган бундай ютуқлар аҳолига юқори сифатли, замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





