Бухоро шаҳри: "Шайхул олам" маҳалласида аҳоли бандлиги таъминланмоқда
2025-12-25 23:35:00 / Янгиликлар

Айни кунда бу маҳаллада 1387 та хонадон, 1182 та оила ва уларда жами 4 мингдан ортиқ аҳоли вакили умргузаронлик қилмоқда. Маҳалланинг асосий ривожланиш “драйвери”, яъни тирикчилик манбаи савдо, ишлаб чиқариш ва ҳунармандчилик йўналишлари ҳисобланади.
Маҳаллада истиқомат қилувчи Дилдора Жумаева ҳам айнан шу соҳада фаолият юритиб келаётган ҳунарманд, ҳам тадбиркор аёллардан бири. У миллий либослар, аёллар кийимлари, кундалик турмушда зарур бўладиган буюмлар, айниқса, тўй-маросимлари учун мўлжалланган кўрпача, ёстиқ, кўрпалар тикиб тайёрлаш билан шуғулланади. Дилдора Жумаева ҳозирда 5 нафар шогирдига сабр-тоқат, матонат билан ҳунар сирларини ўргатиб келмоқда. Улар биргаликда буюртмаларни сифатли, бежирим тикиб, эгаларига етказишмоқда.
Устоз–шогирд анъанасини муваффақиятли йўлга қўйган ушбу ҳунарманд аёлга давлат томонидан 5 миллион сўм субсидия ажратилган. Ҳунарнинг сир-асрорини пухта ўрганиб, амалиётда қўллаётган шогирдларига у ойига 3 миллион сўм атрофида иш ҳақи тўлаб келмоқда. Тадбиркорнинг бир ойлик соф фойдаси 8 миллион сўмдан ошади. Бу эса кучли сабр, тинимсиз меҳнат ва изланиш самарасидир.
Маҳалладаги тадбиркорлик фақатгина хотин-қизлар фаолияти билан чекланиб қолмаган. Бу ерда мунтазам равишда янги иш ўрни яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Жумладан, маҳаллада истиқомат қилувчи Равшан Ашуров ҳам ўз фаолияти билан фаровонлик сари ҳисса қўшмоқда. У ўзига тегишли жойда сартарошлик фаолиятини йўлга қўйган. Тадбиркор ташаббуси давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, унга маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида 17 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилган. Бу сармоя эвазига зарур жиҳозлар харид қилиниб, фаолият муваффақиятли йўлга қўйилган.
Бугунга келиб сартарошхона аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқда. Муҳими, бу ерда икки нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган. Мижозлар ишончини қозонган тадбиркорнинг бир ойлик соф фойдаси 6 миллион сўмдан кам эмас. Ёш шргирдларга эса 2 миллион сўмдан ошиқ иш ҳақи тўлаб келинмоқда.
Хулоса шуки, вилоят марказидаги аҳоли гавжум масканлардан бири бўлган ҳудудда аҳолига маиший хизмат кўрсатиш тармоғи, тадбиркорлик ташаббуслари ривожланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





