Бухоро туманида 22 нафар болажоннинг суннат тўйи нишонланди
2025-12-25 21:05:00 / Янгиликлар

Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларни қўллаб-қувватлаш, меҳр-оқибат ва саховат туйғуларини янада мустаҳкамлаш мақсадида айни янги йил байрами олдидан маҳалла ва қишлоқларда хайрия тадбирлари, суннат тўйлари ўтказилмоқда. Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири куни кеча Бухоро туманидаги “Istav Fayz” тўйхонасида ташкил қилинди.
Туман ҳокимлиги ва саховатпеша тадбиркорлар кўмагида ҳудудда боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларнинг 22 нафар фарзандининг суннат тўй зўр тантана қилинди.
Тадбирда сўзга чиққанлар барчани яқинлашиб келаётган янги йил байрами билан муборакбод этишиб, суннат тўйи нишонланаётган болаларнинг ота-оналарини қувончли сана билан қутладилар. Тантанада эртамиз эгалари, болажонлар келажагига катта ишонч билдирилди.
Шу куни болажонлар ва улар ота-оналари қувончи-кулгусига, файзга бурканган тўйхонада суннат тўйи ўтказилаётган ўғлонларга эсдалик совғалари, велосипедлар ва турли ўйинчоқлар топширилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида туман маданият бўлими созанда ва хонандалари томонидан тайёрланган театрлаштирилган томошалар, қўшиқ ва куйлар меҳмонларга байрамона кайфият ва кўтаринки руҳ бағишлади. Мазкур саховат тадбири меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва ҳамжиҳатлик каби қадриятларимизнинг яна бир ёрқин намунасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









