Ботир Зарипов оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар билан мулоқот қилди
2025-12-25 20:25:00 / Янгиликлар

Бухоро шаҳридаги Касбий кўникмалар марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоятимизда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, республика даврий ва интернет нашрлари, телеканалларининг вилоятимиздаги мухбирлари, журналист ва блогерлар, жамоатчилик вакиллари, қолаверса, мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарлари, депутатлар иштирок этди.
Матбуот анжуманида сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов дастлаб тадбир қатнашчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогер ва журналистларни кириб келаётган Янги йил байрами билан самимий муборакбод этди.
— Аввало, барчангизни тобора яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан табриклайман. Фурсатдан фойдаланиб, Бухорода бўлаётган ўзгариш ва янгиланишларни фаол ёритиб, жамоатчиликни кенг хабардор қилаётганингиз, Ҳурматли Президентимизнинг Бухорони янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлари, ғоя ва ташаббуслари мазмун-моҳиятини тезкорлик ва холислик билан одамларга етказаётганингиз, қолаверса, мавжуд муаммолар ва камчиликлар ҳақида рўй-рост гапираётганингиз, кўрсатаётганингиз учун миннатдорлик билдирмоқчиман.Чунки кейинги йилларда юртимизда Ҳурматли Президентимиз раҳбарликларида сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллигига эришиш йўлида кенг имкониятлар очилмоқда. Бу эса медиа воситалари вакилларининг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштироки, ўрни ва нуфузини янада кучайтирмоқда. Фуқароларимизнинг қонуний мурожаатларини ўрганиш ва ҳал қилиш борасида сизларнинг ўрнингиз ва таъсирингиз тобора ортиб бораётганини ҳам барчамиз яхши биламиз. Хусусан, қурилиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, коммунал тизимдаги камчиликлар, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги муаммолар бўйича бериб борилаётган танқидий ва таҳлилий материаллар жойларда мудраб ўтирган айрим раҳбар ва мутасаддиларни уйқудан уйғотиб, янгича ишлаб, одамларнинг ташвиши билан яшашга мажбур қилмоқда. Қисқа қилиб айтадиган бўлсам, фаол журналистларимиз, блогерларимиз ўзларининг қатъий позицияси, ҳаққоний сўзи билан ҳаётимиздаги ўткир муаммоларни ҳал этиш, ислоҳотларнинг самарасини ошириш, юртдошларимизнинг фикрини, дунёқарашини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Шу учун барчангизга яна бир бор раҳмат, дейман. Бу борадаги машаққатли, шу билан шарафли ишларингизга омад тилайман, - деди Ботир Зарипов.
Шундан сўнг вилоят раҳбари жорий йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шаҳар ва туманларда жумладан, қишлоқ хўжалиги, саноат ва ишлаб чиқариш, қурилиш, соғлиқни сақлаш, ёшлар таълими, спорт, инвестиция, сайёҳлик соҳаларида, бошқа муҳандислик-коммуникация тармоқларида амалга оширилган чора-тадбирлар, жойларда ишсизликни бартараф этиш, камбағалликни қисқартиришда амалга оширилаётган ишлар ва келгуси йилдаги устувор вазифалар хусусида маълумот берди.
Ўз навбатида, матбуот анжуманида иштирок этган оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган қатор саволларга вилоят ҳокими ҳамда мутасаддилардан батафсил жавоб олдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









